"Манчестер Сити" қийин ғалаба билан Англия Кубоги финалига йўл олди
Англия Кубоги ярим финали доирасида "Манчестер Сити" ва "Саутгемптон" ўртасидаги баҳс томошабоп ва кескин курашларга бой ўтди. Учрашув якунида «шаҳарликлар» иродали ғалабани қўлга киритиб, финалга чиқиш имконини сақлаб қолди — 2:1.
Ўйиннинг асосий қисми мувозанатли кечди. Бироқ 79-дақиқада "Саутгемптон" ярим ҳимоячиси Финн Эйзас ҳисобни очиб, номинал меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Бу голдан сўнг "Манчестер Сити" катта босим остида қолди.
Аммо Хосеп Гвардиола жамоаси тезкор жавоб қайтарди. 83-дақиқада Жереми Доку гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Орадан фақат тўрт дақиқа ўтиб, 87-дақиқада Нико Гонсалес ҳал қилувчи голни киритиб, "Сити"га ғалабани таъминлади.
Ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ушбу учрашувни захира ўриндиғидан кузатди ва майдонга тушмади.
Шу тариқа, Манчестер Сити Англия Кубоги финалига йўл олди. Жамоанинг финалдаги рақиби 26 апрель куни бўлиб ўтадиган "Челси" ва "Лидс" ўртасидаги иккинчи ярим финал учрашувидан сўнг маълум бўлади.






