Маросимда Алишер Навоийнинг бой адабий ва маънавий мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлиги экани таъкидланди. Қайд этилишича, унинг асарлари асрлар давомида кўплаб авлодларни илҳомлантириб келмоқда ҳамда тадқиқотчилар, адабиёт ихлосмандлари ва Шарқ маънавиятини ўрганувчилар учун муҳим манба ҳисобланади.
Таъкидланишича, Тбилисида Алишер Навоий ҳайкалининг қад ростлаши Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий алоқалар ривожидаги яна бир муҳим воқеа бўлди. Икки халқни азалдан савдо йўллари, дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб келгани, бир-бирининг бой маданий меросига қизиқиш юқори экани қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда буюк грузин шоири Шота Руставели хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилишига алоҳида урғу берилди. Хусусан, Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири Шота Руставели номи билан аталган бўлиб, унга ҳайкал ҳам ўрнатилган. Ўз навбатида, жорий йилда Тбилиси марказий боғларидан бирига Алишер Навоий номи берилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Тбилисида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, Тошкентда эса Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Маросим якунида Алишер Навоий жаҳон адабиётининг буюк намояндаси экани, унинг бебаҳо ижоди инсонпарварлик, маърифат, тафаккур ва ўзаро ҳурмат ғояларини асрлар давомида тарғиб қилиб келаётгани қайд этилди.
Таъкидланишича, Тбилисидаги Алишер Навоий ҳайкали Ўзбекистон ва Грузия халқлари ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларининг яна бир ёрқин рамзига айланади.






