АсосийЖамият

Уй-жой ҳуқуқи бўйича БМТ Махсус маърузачи Ўзбекистонга ташриф буюради

Махсус маърузачи мамлакатимизда уй-жой ҳуқуқи қай даражада ҳимояланганлиги, нархи, коммунал хизматлардан фойдаланиш имконияти каби масалаларни ўрганади.

'Уй-жой ҳуқуқи бўйича БМТ Махсус маърузачи Ўзбекистонга ташриф буюради'ning rasmi

БМТнинг Уй-жой ҳуқуқи бўйича Махсус маърузачиси жаноб Балакришнан Ражагопал 19-30 август кунлари Ўзбекистонда бўлади.

Жаноб Ражагопал миллий қонунчиликда ва амалиётда уй-жой ҳуқуқи қай даражада ҳимояланганлиги ва амалга оширилишини, шу жумладан, уй-жойнинг нархи, ундан барча одамлар фойдалана олиш имконияти мавжудлиги, уй-жойнинг яшашга яроқлилиги, коммунал хизматлардан фойдаланиш имконияти ва уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариб юбориш масалаларини ўрганиб чиқади.

У Ўзбекистон томонидан уй-жой ҳуқуқидан мамлакатдаги барча аҳоли гуруҳлари фойдаланиши учун кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилади. Шунингдек, Махсус маърузачи иқлим инқирозининг уй-жой ҳуқуқига бўлган таъсирини ва аҳолининг уй-жой масалалари ва шаҳарсозлик бўйича қарорлар қабул қилинишида иштирок этиши масалаларини ўрганади.

Жаноб Ражагопал Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга ва улар яқинидаги туманларга, жумладан, талабалар тураргоҳи ва оиладаги зўравонликдан қочган ёки бошпанасиз қолган шахслар учун мўлжалланган шелтерларга бориши кутилмоқда. У миллий ва маҳаллий даражадаги амалдорлар, судялар, фуқаролик жамияти ва бизнес доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Махсус маърузачи 2025 йилнинг март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ташрифи тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Маълумот учун: Балакришнан Ражагопал (АҚШ), 2020 йил 1 майдан Уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачи вазифасини бажариб келади. У Массачусетс Технология Институти (МИТ) Шаҳаршунослик ва режалаштириш факультети ҳуқуқ ва ривожланиш профессори. Юридик маълумотга эга бўлиб, у инсон ҳуқуқларининг кўплаб соҳалари, жумладан, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, БМТ тизими ва ривожланиш фаолияти билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари муаммолари бўйича мутахассис ҳисобланади.

Махсус маърузачилар Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Махсус процедуралар деб номланувчи механизмининг бир қисмидир. Махсус процедуралар экспертлари ихтиёрий асосда ишлайди; улар БМТ ходимлари эмас ва қилган ишлари учун маош олмайди. Улар ҳар қандай ҳукумат ёки ташкилотдан мустақил бўлиб, ўз шахсий мақомида хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар