АсосийЖамият

Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вакили этиб тайинланди

Спортчи Агентликда Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича фаолият олиб боради.

'Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вакили этиб тайинланди'ning rasmi

Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларида Дзюдо бўйича олтин медаль соҳибаси Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

"Диёра Келдиёровани бу лавозимга тайинлаш орқали Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очдик. Бу қарор қоғоздаги гап эмас, балки жамиятимиздаги чуқур ижобий ўзгаришлар рамзидир. Диёранинг Олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади.

Диёра замонавий ўзбек аёлининг серқирралиги – меҳрибон қиз, содиқ рафиқа, ҳурматга муносиб келин, шу билан бирга, мамлакатимизни жаҳон аренасида муваффақиятли намоён этаётган Олимпиада чемпиони тимсоли. Унинг махсус вакил сифатидаги янги вазифаси Ўзбекистондаги барча АЁЛЛАР учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаган ҳолда исталган соҳада чўққига чиқиши мумкинлигига ўзига хос чорлов бўла олди",- деб ёзади Шаҳноза Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, Диёранинг фаолияти нафақат мамлакатимизда гендер тенглигига эришишни тезлаштиради, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди ҳамда бутун дунё аёлларини руҳлантиради.

    Бошқа янгиликлар