Самарқандда “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Халқаро конгрессида дунёнинг 300 га яқин олимлари, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш, сақлаш ва оммалаштиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, муҳокамалар ўтказишмоқда. Бугун конгресс доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ва Ислом цивилизацияси марказининг "114 Қуръон", "Ўзбекистон қуръонлари", "Ўзбекистоннинг нодир қўлёзма дурдоналари» каби муҳим лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Лойиҳа тақдимоти аввалида конгресс қатнашчиларига “114 Қуръон” номли видеоролик намойиш этилди. Унда турли давлат музейларида сақланаётган Қуръон нусхаларини битта нашр остида бирлаштириб янги факсимель нусхани чоп этилиши маълум қилинди. Янги факсимель нашрда эса 7 асрдан тортиб 20 асргача дунёнинг турли нуқталарида кўчирилган Қуръон нусхалари қамраб олинаётгани ҳақида маълумот берилди. Нега айнан 114 дея аталгани ҳам очиқланди. Тақдимот модераторларининг берган изоҳига кўра, бунда Қуръони каримдаги сураларнинг 114 тадан ташкил этилганига эътибор қаратилган.
Бу лойиҳанинг нашр этилишида «Mueller & Schindler» нашриёти билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани маълум қилинди.
Александр Вильгельм, «Mueller & Schindler» нашриёти маркетинг ва ривожланиш бўйича вице президенти:
– Лойиҳа концепцияси шундайки, дунёнинг турли нуқталарида сақланаётган Қуръон нусхалари янги факсимиле нашри остида чоп этилади. Бунда нусхаларнинг каллиграфияси ўрганилиб, ранги каби жиҳатларини ўз вақтида кўчирилган нусхага ҳамоҳанглигига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Яъни бир қўлёзманинг каллиграфияси ўрганилиб, асл нусхага мос равишда сифатли факсимилеси яратилади, нашр муқоваси эса теридан бўлади. Ўзбекистон томонидан ушбу лойиҳа ташаббуси илгари сурилгани ва бугунги кунда бу борада ҳамкорлик жадал тус олгани алоҳида таҳсинга сазовордир.
Ҳалит Эрен, Текирдаг Намиқ Камол университети профессори:
– Ушбу лойиҳа доирасида Ислом цивилизация маркази Истанбул кутубхоналаридаги Қуръон нусхалари, айниқса Ўзбекистон, шу минтақадаги хонлар коллекциялари доирасида яратилган Қуръон нусхалари ҳақида маълумотлар тўплаб бериш таклифини беришганди. Мен ушбу таклиф доирасида Истанбулдаги кутубхоналарда мавжуд қўлёзма нусхаларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Ўрганишларим давомида Қуръоннинг Истанбул музейларида сақланаётган 10 та нусхасини танлаб олдим. Айни кунларда ушбу қўлёзма нусхаларнинг лойиҳага киритилиши устида ҳаракатлар олиб бориляпти. Бу борада Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ташаббус ва саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этиш керак.
Эслатиб ўтамиз, 23-26 август кунлари бўлиб ўтаётган анъаавий “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Халқаро конгресси Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бевосита Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Самарқандда “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Халқаро конгрессида дунёнинг 300 га яқин олимлари, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш, сақлаш ва оммалаштиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, муҳокамалар ўтказишмоқда. Бугун конгресс доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ва Ислом цивилизацияси марказининг муҳим лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтмоқда.