АсосийЖамият

“Буюк аждодлар мероси – учинчи ренессанс асоси” VIII халқаро Конгрессининг Самарқанд Декларацияси қабул қилинди

Шунингдек, "Буюк аждодлар мероси  – Учинчи Ренессанс асоси" мавзусидаги VIII Халқаро конгресс иштирокчилари “Шарқ тароналари” фестивалида ҳам иштирок этдилар.

'“Буюк аждодлар мероси – учинчи ренессанс асоси” VIII халқаро Конгрессининг Самарқанд Декларацияси қабул қилинди'ning rasmi

23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизавцияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг «Буюк аждодлар мероси  – Учинчи Ренессанс асоси» мавзусидаги VIII Халқаро конгресси бўлиб ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, VIII Конгресс бевосита  Ўзбекистон Респуьликаси ҳукумати кўмагида Ўзбекистон Республикаси  Фанлар академияси, Кинематография агентлиги сингари маҳаллий, ИРСИКА, ТУРКСОЙ каби хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Конгресс тадбирлари ERIELL  Group нефть-сервис компаниясининг молиявий ва ташкилий  ҳомийлигида ўтказилди. 

Конгресс очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конгресс иштирокчиларига йўллаган  табриги ўқиб эшиттирилди. Президентимиз табригида: “Биз сизларнинг барчангизни Ўзбекистоннинг чинакам дўстлари деб биламиз ва илмий-ижодий фаолиятингизни юксак баҳолаймиз, юртимиздаги етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, биринчи навбатда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эшиклари сизлар учун доимо очиқ” деган фикрлар Ўзбекистоннинг чин маънода илму маърифат масканига айланаётганини кўрсатади. 

Бу йилги Конгрессда дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олим ва экспертлар, жумладан, 180 нафар хорижлик, 110 нафар ўзбекистонлик олимлар иштирок этди. Улар орасида 15 нафар академик, 103 нафар фан доктори, 40 нафар профессор, 54 нафар кутубхона ва музей  раҳбарлари, фанлар академиялари раҳбар ҳамда мутасаддилари, олий ўқув юртлари ректорлари, нашриёт директорлари,   йирик  халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, ТУРКСОЙ бош котиби  Султан Раев, ИРСИКА директори  Маҳмуд Эрол Қилич, Халқаро Туркий академия президенти Шаҳин Мустафоев ва бошқалар қатнашишди. Конгресс давомида  7 та шўъба йиғиши, 1 та форум, 4 та пленар мажлис, 13 та илмий панел йиғилиши, 4 та эксклюзив кўргазма ташкил этилди, 300  дан ортиқ илмий маърузалар тингланди.  

Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU ҳомийлигида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим маданий, илмий ва технологик ташаббусларни ўз ичига олади. Шу маънода VIII Конгресс кашфиётлар ва янгиликлар муҳокама қилинган платформага айланди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан,  Ўзбекистонда илк бор тақдим этиладиган истиқболли ва долзарб тадқиқотлар орасида “Ўзбекистон Қуръонлари” ва “114 Қуръон” ноёб лойиҳалари, яъни Ўзбекистон ва дунё бўйлаб муқаддас матнларнинг буюк бирлашуви, “Ўзбекистоннинг машҳур олимлари”  энциклопедик тадқиқоти ўзбек олимларининг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ютуқлари ва ҳиссасини бутун жаҳонга намойиш этди. 

Конгресс ишида “Ал-Фурқон” фонди раҳбари Сали Шаҳсуварининг буюк ватандошимиз Қаффол Шошийнинг нодир қўлёзмалари, Қозоғистон Миллий кутубхонаси ходими Галшат Абикованинг Алишер Навоийнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари,  италиялик олим Франческо Фиорентинонинг Темурийлар санъатининг сафавийлар даври гиламларига таъсири, Россиянинг “Сила света” компаниясининг Имом Бухорий  инновацион музейи учун таклиф этган “Вақт капсуласи”, Текирдоғ университети профессори Халит Эреннинг Туркияда сақланаётган Ўзбекистонга оид Қуръон қўлёзмалари, Кипр институти илмий ходими  Мегиа Нилеш Десаннинг Ахсикент ёдгорлиги бўйлаб 3Д саёҳатни ташкил қилиш, Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси директори доктор Сайид Зиллур Раҳмоннинг Ибн Сино яратган юрак дорисининг ўрганилиши сингари  янгиликлар анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

ТУРКСОЙ ташкилоти билан “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори остида  “Ҳамкорликдаги тарихий кинолойиҳаларда дин ва маърифат мавзуси” халқаро кинофоруми ўтказилди ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Унда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва  Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамкорлигидаги  "Тирик тарих" лойиҳаси ҳамда унинг амалга оширилиши бўйича тақдимот ўтказилди. Кино-медиафорум якунида Турк дунёси давлатларининг ягона кино-медиа платформасини яратиш тўғрисида Меморандум имзоланди.

Конгрессда “Буюк Бактрия девори” илмий сенсацияси, ТЮРКСОЙ медиа ва кино форуми, "Дунёнинг факсимил нашрлари дурдоналари" ноёб кўргазма майдони ва “Туркий халқлар адабиётининг 100 жилддаги дурдоналари”,  “Ақл-идрокдаги рақобатчилар, 1000 йил: Беруний ва Ибн Сино ўз Ренессансини қандай яратган” китоби тақдимоти, “Буюк темир йўл” лойиҳаси ва бошқа бир қатор илмий кашфиётлар халқаро жамоатлик ҳукмига ҳавола этилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламлари” анъанавий (71-80-жилдлар) туркумининг 10 та янги жилди тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Ушбу муҳим ташаббуслар Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш орқали мустаҳкамланади. Ҳамкорлар орасида ТУРКСОЙ ташкилоти,  ИРСИКА, Туркия Фанлар академияси, Туркий давлатлар академияси, “Ал-Фурқон” Ислом фонди, Туркиянинг Ислом ва санъат музейи, Эрон динлар университети,  Ҳиндистон Ибн Батута халқаро маданиятлараро тадқиқотлар маркази, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти ва бир қатор ноширлик уйлари бор.

“Буюк аждодлар мероси-III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро Конгресси якунида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қўшма лойиҳалари бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Конгресс олдидан ОАВ учун ташкил этилган матбуот анжуманида  Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммлаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази Халқаро экспертлар кенгашини тузиш бўйича таклиф билдирган эди. Конгресс якунида ушбу таклиф иштирокчилар томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази Халқаро экспертлар кенгаши таркиби тасдиқланди.

4 кун давомида Конгрессда фаол иштирок этган ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Султан Раев, Номиқ Камол номидаги "Текирдаг" университети профессори, Др., проф. Халит Эрен (Туркия), “Ал-Фурқон” Ислом мероси жамғармаси бошқаруви директори Др. Сали Шаҳсивари (Буюк Британия), Россия этнографик музейининг етакчи илмий ходими - ДР.Татяна Емельяненко, Кембриж университети тадқиқотлари маркази директори, Др. Фирюза Мелвилл (Буюк Британия), Турк дунёси Ёзувчилар уюшмаси раиси - ДР Улуғбек Эсдаулетов, Дубайдаги "Ҳидоят" маркази директори ДР. Ариф Наср Муҳамед Аҳмед Муҳамед, Ислом олами уюшмаси директори ўринбосари Др. Салоҳ Шокир (Саудия Арабистони), Туркия Президенти ҳузуридаги маданият ва санъат кенгаши раиси Доктор Искендер Пала, Туркиядаги "Ғоя" фонди раҳбари ўринбосари ДР. Меҳмет Акшит каби чет эллик бир гуруҳ қатнашчилар WOSCU нинг “Олтин китоб” халқаро мукофоти билан тақдирландилар.

Конгресс якунида дунёнинг 300 га яқин олимлари анъанавий тарзда Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаатнома йўллашди. Мурожаатномани Темурийлар уюшмаси президенти (Франция) Фридерик Брессан хоним ўқиб эшиттирди. Мурожаатномада  Президентимиз  Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий қилинаётган кўп қиррали ислоҳотлар, жумладан, мамлакатнинг очиқлиги ва халқаро муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш туфайли Ўзбекистон маданий меросини қайта тиклаш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш имкони яратилаётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг айнан таълим, мамлакатимизнинг маданий меросини ўрганиш ва асраш давлатни барқарор тараққий эттириш, маърифатли келажакни қуришнинг кафолати эканлиги борасидаги қараш ва ғоялари қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, “Буюк аждодлар мероси – учинчи ренессанс асоси” VIII халқаро Конгрессининг Самарқанд Декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатни “Ал Фурқон” ислом жамғармаси директори (Буюк Британия) Доктор Сали Шаҳсивари ўқиб эшиттирди. Унда конгресс иштирокчилари Янги Ўзбекистон беқиёс меросга, юксак илмий салоҳиятга эга давлат сифатида халқаро майдонда ўз мавқеини ишонч билан мустаҳкамлаётганини эътироф этди.

Конгресс қатнашчилари Ўзбекистонда XIII маротаба  ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида ҳам иштирок этдилар. 

Самарқандда ўтказилган “Буюк аждодлар мероси-III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро Конгресси якунига етди.

    Бошқа янгиликлар