АсосийЖамият

Газлаштирилмаган ҳовлилар учун ҳам электроэнергия тарифларига 50 фоизлик чегирма берилиши режалаштирилмоқда

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, бу ўзгаришни 1 январдан жорий этишга ҳаракат қилинмоқда

'Газлаштирилмаган ҳовлилар учун ҳам электроэнергия тарифларига 50 фоизлик чегирма берилиши режалаштирилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда газ таъминотига уланмаган ҳовлили уй-жойлар учун ҳам электр энергияси тарифига 50 фоизлик чегирма берилиши режалаштирилаётганини айтди. Бу ҳақда у "Лолазор" подкастида гапирди.

Подкастда Қобил Ҳидиров вазирдан адолат нуқтаи назаридан газлаштирилмаган ҳудудларда қишда ва ёзда ижтимоий нормани кўпайтириш масаласи бўйича таклифлар бор ёки йўқлиги ҳақида сўради.

"Бор. Нафақат у бўйича. Олдин генерация қувватларимиз етарли бўлмаган. Ҳозир етарли. Энди истеъмолга нисбатан дифференциал тарифлар [қўлланилади]. Ҳозирги кунда кўп қаватли уйлар учун 50 фоиз чегирма амал қилади. Биз газлашмаган ҳовлили хонадонларга нисбатан ҳам буни қўллаш бўйича топшириқ олганмиз", — деди вазир.

Унинг айтишича, ҳозирда Энергетика вазирлиги бу бўйича тегишли вазирликлар билан ишламоқда. Шунингдек, саноат корхоналарига юкламага қараб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлар қўллаш ҳам режалаштирилмоқда.

"Масалан, 10, 20, 30 фоизгача, шунингдек, тунги вақтларда. Электромобиллар бўйича ҳам топшириқ олганимиздан хабардорсиз. Ҳозир уларни куннинг маълум вақтида зарядлаш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқиляпти. Чунки шундай қилибгина биз энерготизимимизни балансга келтира оламиз", — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

У бунинг сабаби қуёш ва шамол электростанцияларини ишга туширилаётгани ва бу йил Андижон ва Фарғонада умумий қуввати 300 мегаватт бўлган батарея-сақлаш тизимларини ишга туширилиши эканини қайд этди. Ҳозирда Андижон ва Фарғонадаги қурилиш давом этмоқда, Тошкент вилоятида ҳам батарея-сақлаш тизимлари қурилиши бошланиши кутилмоқда.

"Сентябрда бизда биринчи марта ишлаб чиқарилган энергияни тармоққа қабул қила олмаслик ҳолати бўлди. Бунда энергияни қабул қила олмайсиз, лекин барибир пул тўланади. Бу уч кун кузатилди. Яъни истеъмол ишлаб чиқаришдан кам бўлган. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун 4 гигаватли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилгач электр энергияси батареяда йиғилади, керакли пайтда эса тармоққа узатилади", — деди вазир.

Унинг айтишича, истеъмол ишлаб чиқаришдан кам бўлгани учун Ўзбекистон электр энергияси экспортини кўпайтирган, импортни эса камайтирган. Мамлакат 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 800 млн киловатт соат кам электр энергияси сотиб олган.

"Қарор бўйича [ҳовлили уй-жойларга ҳам чегирма бериш бўйича] Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ишлаяпмиз, шу ой якунласак, кейин қарорни киритамиз. Ишлаб чиқарувчиларни ҳам инобатга олган ҳолатда катта эҳтимол билан 1 январдан жорий этишга ҳаракат қиламиз", — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

    Бошқа янгиликлар