Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси қайта жорий қилиниши таклиф қилинмоқда. Бу ҳақида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2025-2027 йилги буджетномада маълум қилинган.
Таклиф "мактабларни дарсликлар билан таъминлашда ота-оналарнинг фаоллигини ошириш"га қаратилган. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб 2−11-синф ўқувчилари учун дарслик ва машқ дафтарлари тўплами учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада қайд этилишича, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўм) ташкил этган.
Йиғилган 376,6 млрд сўм маблағ ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.
Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат буджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда, — дейилади буджетнома лойиҳасида.
Ижтимоий тармоқларда ушбу лойиҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
"Конституциясига “бу – ижтимоий давлат” деб ёзиб олган мамлакат мактаб ўқувчиларига берилаётган дарсликлар учун пул сўрашдан уялиши керак. Ҳеч бўлмаса шу – “ижтимоий давлат” деган ёзув учун ҳам уялиши керак. Бу ёзув ёзилганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ, уни “ўтган замондаги ёмонлар ёзиб кетган” деб бировга тўнкашга ҳам асос йўқ.
Давлат пул иқтисод қилиш ва орттириш учун мактабдан бошқа соҳани тополмаётган бўлса, ҳай, ишни бирдан ўқувчиларга дарслик солиғи солишдан эмас, шу дарсликларни чиқараётганларнинг ишини тафтиш қилишдан бошлагани маъқул. Ва Америка кашф қилишни тўхтатиб, бу соҳада ҳам нормал дунё қилаётган ишни қилган, нормал дунё юраётган йўлдан юрган маъқул", дейди Муҳрим.
Иқтисодчи "bakiroo"нинг фикрича, тарифлар каррасига оширилишидан кейин ҳам зараркунанда энергетика қозонида триллионлаб субсидиялар ўзлаштиришда давом эттирилар экан, ислоҳотлар мазмуни ва мақсади бўйича бўшаган маблағлар инсон сифатини оширишга, таълимга, тиббиётга сарфланмаган экан, бундан буёғига биронта соғлом ақли бор ўзбекистонлик ҳукуматнинг "бюджет маблағларини тежаш мақсадида" деган афсонасига ишонмайди.
"Дарсликлар ижараси билан ҳам худди шундай. Ижара тўловлари бюджет маблағларини тежаш учун эмас, бу маблағларни бошқа каналлар орқали совуриш учун тикланмоқда.
Бу бюджет маъно мазмуни бўйича инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, тенг имкониятлар яратиш, инсон сифатини яхшилашга хизмат қилмайди. Афсуски, биз учун бюджетни муҳокама қиладиган, самарали бюджет учун тортишадиган парламентимиз йўқ", дейди блогер.