АсосийЖамият

Тошкент ҳавоси нимадан ифлослангани бўйича изоҳ берилди

“Ўзгидромет” ҳолат бўйича амалга оширилаётган мониторинг натижаларини эълон қилди.

'Тошкент ҳавоси нимадан ифлослангани бўйича изоҳ берилди'ning rasmi

Сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб, айниқса Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли заррачалар миқдорининг ошиши кузатилмоқда. “Ўзгидромет” томонидан амалга оширилган доимий мониторинг натижаларига кўра, бу ҳолат бир вақтнинг ўзида кучайиб намоён бўлган бир нечта табиий омиллар билан боғлиқ.

Биринчи омил – кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия. Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати тез ўзгарди. Иссиқ кунлардан совуқ кунларга ўтиш даврида инверсия деб аталувчи табиий жараён юзага келади. Инверсия пайтида совуқ ҳаво пастда, иссиқ ҳаво юқорида қолади ва ҳаво қаватлари аралашмайди. Шу боис майда заррачалар паст ҳаво қатламида тўпланиб, қисқа вақтда концентрация кескин ошади. Бу жараён Тошкент, Олма-ота, Бишкек, Душанбе каби шаҳарларда ҳар йили ноябр–феврал ойларида кузатилади.

Иккинчи омил – ёғингарчиликнинг йўқлиги. Синоптикларимиз маълумотларига кўра, ноябрь ойи бошидан бери Тошкентда деярли ёмғир ёғмади, ёғингарчилик ҳажми эса иқлимий меъёрдан анча паст бўлди. Ёғингарчилик йўқлиги ҳаводаги майда заррачаларнинг табиий ювилишини тўхтатади ва уларнинг узоқ вақт атмосферада сақланиб туришига олиб келади.

Учинчи омил – арид жараёнларнинг кучайиши ва табиий чангланиш. Ўзбекистон табиий жиҳатдан қуруқ ва ярим қуруқ иқлим ҳудудида жойлашган. БМТ экспертлари бу минтақани дунёда Арид жараёнлар энг тез кечаётган маконлардан бири сифатида қайд этган. Арид жараёнлар, ўсимлик қопламининг камайиши ва иқлим исишининг таъсири остида шамол таъсиридаги табиий чангланиш ошади.Шунинг учун бу йил чангланиш одатдагидан кўпроқ намоён бўлди, ҳатто шамол паст бўлган кунларда ҳам ПМ10 кўрсаткичининг ўсишига туртки берди.

Синоптикларимиз прогнозига кўра, амалга ошган инверсия жараёни 24-ноябргача давом этиши мумкин. Шу вақтгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳолдир.

Об-ҳаво барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан сезиларли яхшиланади.

Ҳозирда маҳаллий ҳокимиятлар, коммунал хизматлар ва масъул идоралар томонидан қуйидаги амалий ишлар олиб борилмоқда:

– кўча ва йўлларни намлаш;

– яшил ҳудудларни қўшимча суғориш;

– жамоат жойларини нам тозалаш;

– аҳоли учун тавсияларни етказиш;

– атмосфера ҳавосини доимий мониторинг қилиш.

“Ўзгидромет” атмосфера ҳавоси ҳолатига оид барча муҳим кўрсаткичларни кунига икки марта – эрталаб ва кечқурун расмий каналлар орқали эълон қилиб боради.

Шуни таъкидлаш жоизки кузатилаётган ҳолат – табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараён. Бунда барча ваколатли давлат органлари тегишлилиги бўйича вазиятни доимий равишда назорат қилмоқдалар, зарурат туғилганда эса аниқ ташкилий чораларини амалга оширмоқда.

    Бошқа янгиликлар