АсосийЖамият

“Cуюнчи пули” ва бошқа нафақаларга қанча маблағ ажратилади?

Энг кўп маблағ болалар нафақалари учун ажратилади.

'“Cуюнчи пули” ва бошқа нафақаларга қанча маблағ ажратилади?'ning rasmi

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳасини эълон қилди.

Ҳужжатда барча соҳа ва тармоқлар қаторида нафақалар учун ажратилаётган маблағлар миқдори ҳам кўрсатилган. 

Манбага кўра, 2025 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигиг  республика бюджетидан 21,1 триллион 
сўм маблағ йўналтириш прогноз қилинган. Агентлик маблағларни қуйидагича тақсимлайди:

  • кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамларга — 7,3 триллион сўм;
  • меҳнатга лаёқатсиз ва зарур иш стажига эга бўлмаган фуқаролар нафақаларига — 5,6 триллион сўм;
  • ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар нафақаларига  2 триллион сўм;
  • бола туғилиши учун бериладиган нафақалар (суюнчи пули)ни тўлаш учун — 275 миллиард сўм;
  • дафн маросими харажатларини қоплаш учун — 271,3 миллиард сўм;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй–жой билан таъминлаш учун —140 миллиард сўм;
  • муҳтож шахсларни протез–ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш харажатларига — 70 миллиард сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мухтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлаш харажатларига — 22,6 миллиард сўм.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан бюджет ташкилотлари ходимларига ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш билан боғлиқ харажатларга 1 триллион сўм тўланиши белгиланмоқда. Шу билан бирга, хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик нафақа пулини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаш билан боғлиқ харажатларга 40 миллиард сўм ажратилади.

Умуман олганда, келаси йилда бюджетдан нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун жами 17,3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. 

Лойиҳада 2025 йилда мамлакатда иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини, шунингдек айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 6,6 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кўрсатилган.

    Бошқа янгиликлар