АсосийJamiyat

Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилади

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.

Фармонда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси тугатилиши ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилиши белгиланган. 

Мазкур қўмита туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланади. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига туризм туроператорлик фаолиятини лицензиялаш, Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш бўйича миллий органи – “Ўзстандарт” агентлиги билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорликда туризм фаолияти субъектлари томонидан кўрсатиладиган туроператорлик хизматлари ва меҳмонхона хизматларини мажбурий сертификатлаш, шу жумладан турли ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги меҳмонхоналарнинг таснифини белгилаш киради. 

Шунингдек, қўмитага сертификатланадиган туризм хизматларининг норматив ҳужжатларда белгиланган мажбурий талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш юкланади. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. 

Бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиши юклатилди.

Бошқа янгиликлар