АсосийSUG'DIYONA

Сиз — ягона ва бетакрорсиз! Бунга ишонсангиз, бас!

Завққа тўла бахтли ҳаёт кечиришни истасангиз, биринчи галда, ўзингизга бўлган ишонч ҳиссини мустаҳкамланг. Бунинг уддасидан чиқиш осон эмас — муаммо ва мушкулотлар бўлиши табиий, албатта. Аммо ҳаёт янада ёрқинроқ мазмун касб этиши учун  келажак сари дадил одимлаш керак!

 

Журъатсизликни енгиш лозим

Биз, одамлар ажойибмиз. Ишхонадаги ҳамкасбларни кузатиб, баъзан ҳайрон қолади, киши. Айримлар бор, салоҳияти, тажрибаси ва билими жиҳатидан кўпчиликдан устун турса-да, улар фақат белгиланган ишнигина бажариб, пана-пастқамда ўтирадиган, кўпчиликда қизиқиш уйғотмайдиган шахслар ҳисобланади. Бундай ходимларга раҳбарият ҳам кўп юмушларни ишониб топширмайди. Негаки, ўзига паст баҳо берадиган одамга бошқалар ҳам ишонч билдирмайди. Яна шундай ҳамкасбларимиз борки, улар имиждан тортиб, одамлар билан муомалагача — бари-барини қойиллатиб қўяди, ҳайиқмай катта-катта ишларни ўз зиммасига олади. Ўша ишни бажаргунича кўпларни хуноб қилса-да, натижаю мукофот фақат унинг номига ёзилади, қарсаклар ҳам унинг шарафига чалинади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўзига ишонмасликнинг биринчи белгиси омадсизликдир.

Баъзан эса дўстларга ёқмай қолишдан қўрқиб, ўз фикрини айтмай, бошқаларникини маъқуллайвериш кўпчиликнинг ихлоси қолишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Жамоада, мажлисда диққат-эътиборга тушишдан уялиш, дўконда ўз ҳуқуқини талаб қилишдан хижолат тортиш, ҳимояга муҳтож ва ҳақ одамни ҳимоя қилишга журъат топа олмаслик, оила бузилишига сабаб бўлаётган камчиликлар хусусида лом-мим деёлмаслик... Бундай пайтларда уялиш, тортиниш туфайли киши ўзининг теп-текис ҳаётини ўнқир-чўнқирга айлантириб юбориши, омади кулиб турган жойда оғзидаги ошни олдириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Манфаатдорлик кимга ҳам ёқмайди, дейсиз?!

Бир ўйлаб кўринг-а, нега ҳамма ҳаётда омадли, бахтли яшашни истайди, ўзидаги камчиликларни баратараф этишни чин дилдан хоҳлайди, айниқса, ўзини севиш ва қадрини баланд билишга ҳаракат қилади-ю, лекин жамиятда заиф ва қўрқоқ одамлар камаймайди?

Руҳшуносларнинг фикрича, агар одамнинг бирор муаммоси бўлса (масалан, ўзига нисбатан ишончсизлик)ю уни ҳал этишга ҳаракат қилмаса, демак, у шундан манфаатдор. Нега дейсизми? Ҳозир тушунтирамиз: уятчанлик, пассивлик, беқарорлик, кўнувчанлик, яхши иш, ойлик тополмаслик, ўз ҳуқуқини талаб қилолмаслик — муаммоларга ечим топмаслик учун яхши баҳона ва бундайлар  масъулиятни бошқаларнинг зиммасига юклаб, ўзи учун бошқаларни васий қилиб олади ва хотиржам яшайверади. Сиз шундайлардан бўлишни истамасангиз, камчиликларингиздан, аниқроғи, ўзингиздан қониқмаслик ҳиссидан фориғ бўлишга ҳаракат қилинг!

                                                                             

Ўзингизга нисбатан ҳаддан зиёд талабчансиз...

Ўзига нисбатан талабчанлик ҳаддан ортганида киши ўзини бахтсиз ҳис қила бошлайди. Шунинг учун зиммангиздаги залворни камайтиринг. Режа бўйича иш тутиб, муҳим юмушларни ўз вақтида уддалашга ҳаракат қилинг. Зеро, ҳеч нима қилмагандан кўра, ниманидир бажарган маъқул. Баъзан, хато қилиш, адашишга ҳам ўзингизни кўндиринг. Бу кейинчалик кичик муаммоларни ҳал қилиб, катта марралар сари йўл олишингизда муҳим асос вазифасини ўтайди.

Танқидга эрк берманг!

Танқид ҳам меъёрида бўлиши керак. Ҳеч биримиз, ҳатто энг катта ташкилот раҳбари ҳам камчилигу нуқсонлардан ҳоли эмас. Агар ўзингизни аллақачон бўлиб ўтган нохуш воқеа учун танқид қилаётган бўлсангиз, яхшиси, буни ҳаммага айтаверманг, бир парча қоғозга ёзинг. Хатоларингизни босқичма-босқич баён этиб, уни келгусида қандай тузатмоқчи эканингизни қайд қилиб боринг ва ёзганларингизга имкон қадар амал қилинг!

 

Кичик тест

Ўз-ўзини рағбатлантириш одамни илҳомлантириб, кўп ишларга қодир бўлишини таъминлайди. Энг муҳими, бу билан камчиликлардан халос бўлиш ҳам мумкин. Дейлик, бирор ишни бажариб бўлдингиз (ўқув курсини тугатгач, ишда бирор лойиҳани якунлагач). Хўш, ўзингизни қандай рағбатлантирган бўлардингиз?

  1. Қанчалар иқтидорлиман! Қойил!
  2. Агар чиндан хоҳласам, барини эплай оламан.
  3. Худога шукр, уддаладим!
  4. Бу қўлимдан келди!
  5. Янги иш бошлаш керак.
  6.  Ва ниҳоят ҳаммаси тугади!
  7. Мана, тугатдим ҳам, бирор камчилиги бўлса-чи?
  8. Бажардим, лекин буни ҳеч ким сезмади.
  9. Кимгаям керак эди, буларнинг ҳаммаси?

1-2-вариантлар: Сиз ҳар бир ютуғингизни байрам қила оласиз. Омадсизлик олдида бош эгмайсиз. Бу кайфият ўзингизга бўлган ишончни сақлаб қолишга ёрдам беради.

3-4-5-6-вариантлар: Ўз кучингизга тўлақонли ишонмайсиз. Доим ўзгалардан мақтов кутиб яшайсиз. Лекин пайти келганида буни инкор этасиз, гўёки, рағбатга арзийдиган иш қилмагандек тутасиз, ўзингизни. Бундай ички зиддиятни йўқ қилиш учун ўзингизни овоз чиқариб мақтанг ва рағбатлантиринг. Шунда янги иш бошлаш осон бўлади.

7-8-9-вариантлар: Сиз ўзингиздан жуда кўп нарса талаб қиласиз ва имкониятларингизни аниқ баҳолай олмайсиз. Балки қониқиш ҳиссини уйғотмайдиган ишлардан аввалбошданоқ воз кечган маъқулдир? Ундан кўра, кўпчиликка фойда келтирадиган, қизиқарли ишларга вақт ва куч сарфланг.

 

Фикрингизни дадил ифодаланг!

Жамоага қаттиқ қаршилик кўрсатиб эмас, муроса йўли билан таклиф билдиришни ўрганинг. Фикрингизни асосли далиллар билан ифодаланг. Баъзан ички хоҳишингиз бошқача эканини билдириб туринг. Ҳаммага ёққан кино сизга ёқмаса, айбдор эмассиз. Унутманг, умумий фикрлар ичида индивидуал ёндашувга эга бўлишга ҳақлисиз.

 

Ўзингизни қадрланг!

Ўзингизни яхши кўринг, ҳурмат қила билинг. Шунда ўзгалар ҳам сизни қадрлашади. Ўзингиздан вафодорроқ, ички олами ўзингиздан кўра гўзалроқ ва ҳокисор одам борми яна? Йўқ, албатта. Бу сиз — дунёдаги етти миллиард одам орасидаги ягона ва бетакрор ИНСОН!

Азиза ҚУРБОНОВА

Бошқа янгиликлар