Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан кейин уни жорий этиш тартибини бузгани учун импичментга дучор бўлиши мумкин. Бу ҳақда Корё университетининг ихтисослаштирилган юридик магистратура профессори Ча Жин А Жанубий Кореянинг SBS телеканалига маълум қилди.
“Чунки ҳарбий ҳолат жорий этилганидан кейинги биринчи фармонда парламент фаолиятини тақиқлаш кўзда тутилган ва бу Миллий ассамблеянинг ҳарбий ҳолатни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини бузади, мана шу конституциянинг энг очиқ бузилишидир. Қолаверса, ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақидаги эълон ҳукумат йиғилишисиз эълон қилинди, парламент талаби кечиктирилмасдан қабул қилинмади... буларнинг барчаси президентга импичмент эълон қилиш учун ўта жиддий асосдир”, - дейди эксперт.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл чоршанба куни кечқурун "Шимолий Кореяга хайрихоҳ кучлардан тозалаш ва либерал конституциявий тузумни сақлаш учун" ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилди. Унга кўра, Жанубий Корея мухолифатининг бир қатор юқори мартабали амалдорларга импичмент эълон қилишга уринишлари ҳокимиятнинг фалажланишига олиб келиши мумкин. Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилишга овоз берди. Йиғилишда 300 нафар депутатдан 190 нафари иштирок этди, улар бир овоздан қарор қабул қилди.
Конституцияга кўра, парламент кўпчилик овоз билан унга қарши овоз берганидан кейин президент ҳарбий ҳолатни дарҳол бекор қилиши шарт. Бироқ президент бир неча соатдан кейин тегишли мурожаат қилди. Юн Сок Ёлнинг айтишича, парламент қароридан сўнг у дарҳол ҳукумат йиғилишини чақиришга буйруқ берган, бироқ кворум йўқлиги сабабли қарор қабул қилинмаган. Бироз вақт ўтгач, йиғилиш эълон қилинди, унда бекор қилиш қарори расмийлаштирилди.