Бугун тонгги соат 6:00 атрофида Москва шаҳрининг Нижгород районидаги уй ҳовлиси олдида содир бўлган портлашда икки киши ҳалок бўлди. Портлаш тўлқини атрофдаги квартираларнинг деразаларини учириб юборган.
РФ тергов қўмитаси портлаш оқибатида Россия қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Иля П. ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган. Москва прокуратураси ишни ўз назоратига олган.
Қўмита хабарига кўра, воқеа жойида терговчилар, суд-тиббиёт экспертлари ва фавқулодда хизматлар ишламоқда. Ҳозирда содир этилган жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш ҳарбийлар уйдан чиқаётганда содир бўлган. Катта эҳтимол билан, портловчи қурилма уй яқинида тўхтаб турган скутерга ўрнатилган бўлган.
Портловчи қурилма 200 грамм тротил қувватига эга бўлган, натижада уйнинг кириш эшиги ва деразалари синиб кетган, генералнинг хизмат машинаси ҳам шикастланган.
Украина нашрлари россиялик генерал урушда кимёвий қуролларни қўллаш ҳақида шахсан топшириқ бергани ва бунинг ортидан ҳарбий жиноятларда гумонланаётганини ёзмоқда.
Бугун Кириллов РФ мудофаа вазирлиги брифингида иштирок этиши режалаштирилганди. У мунтазам равишда шундай брифинглар ўтказиб келади ва АҚШнинг Украинадаги «ҳарбий-биологик фаолияти» ҳақида сўзлаб беради. Хусусан, 2022 йилда АҚШни Украинада чивинлар орқали тарқатиладиган вируслар тадқиқ этиладиган биолабораториялар яратишда айблаган. 2023 йилда эса АҚШ рақиб ҳарбий хизматчиларини заҳарлаш учун бундай чивинларни дронлар орқали етказишни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. У шунингдек, Россияда парранда гриппи билан касалланиш даражаси ортганини Украинадан зарарланган қушлар миграцияси билан изоҳлаган.