Ўзбекистонда болалар ўртасидаги онкологик ва онкогематологик касалликларга қарши курашиш тизими янги босқичга чиқди. 2025 йил 19 майда қабул қилинган ПҚ-186-сон қарор асосида “2025–2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш миллий стратегияси”ни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, касалликларни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш муддатларини қисқартириш, замонавий даволаш усулларини жорий этиш ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш асосий вазифалар сифатида белгиланган.
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари томонидан қиммат ва тақчил саналган дори воситаларини жойларга етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, онкологик касалликларда қўлланиладиган препаратлар, талассемия учун хелатер терапия воситалари, шунингдек, гемофилия А ва В билан оғриган болалар учун ҳаётий аҳамиятга эга VIII ва IX коагуляция омиллари ҳудудларга етказилмоқда.
Мазкур дори воситалари давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва ҳамкорлик лойиҳалари доирасида таъминланиб, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган болаларга мутлақо бепул берилади.
Янги тизимга кўра, ҳудудий филиаллар тақдим этган рўйхатлар асосида ҳар бир бемор боланинг индивидуал эҳтиёжи ҳисобга олинади ва дори воситалари махсус транспорт орқали белгиланган ҳарорат режимида етказиб берилади. Бу эса ота-оналарнинг ортиқча оворагарчилиги ва йўл харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Мутасаддиларга кўра, мазкур чора-тадбирлар болалар орасида яшовчанлик кўрсаткичини ошириш ва ўлим ҳолатларини камайтиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.






