АсосийСиёсат

Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти Олий Мажлисга тақдим этилди

Комиссия давлат органларига бир қатор тавсиялар берди.

'Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти Олий Мажлисга тақдим этилди'ning rasmi

Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2022 йил 15 июлдаги қўшма қарори билан Омбудсман Ф.Эшматова бошчилигида 14 нафар депутатлар, сенаторлар, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни ўрганиш бўйича комиссиянинг ахбороти Парламент палаталари кенгашларининг қўшма йиғилишида кўриб чиқилди.

Комиссия, Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари, хронологияси ва оқибатлари, оммавий тартибсизликларни бартараф этишда давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатларига баҳо берди, воқеалар иштирокчиларига нисбатан суд мажлисларини кузатди, 30 нафар судланувчи комиссия илтимосига кўра суд залидан озод этилди, судланувчилар сақланаётган тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифларини амалга оширди, шунингдек воқеалардан кейин Қорақалпоғистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни кузатиб борди.

Комиссия фаолияти давомида фуқаролардан келиб тушган жами 600 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этди. 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларга ташрифи давомида 590 нафар ходим, 334 нафар қамоқ жазосини ўтаб чиққан шахслар билан суҳбатлашди.

Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (2 нафар аёл) Комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилди.

Комиссия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилди, шунингдек халқаро ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда бўлиб турди.

Комиссия томонидан унинг фаолияти Интернетнинг “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Independent Commission_uz”расмий саҳифасида (ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида) тўлиқ эълон қилиб борилди.

Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этганлиги аниқланганлиги қайд этилди.

Тартибсизликлар натижасида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда (6,8 млрд сўм) моддий зарар етганлиги маълум бўлди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш, ва тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик объектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланиладиган воситалар (сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталар)дан фойдаланилган.

Оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари).

Тергов ва суд жараёнида иштирок этган гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари (адвокат, тиббий ёрдам, телефонда сўзлашиш ва ҳ.к.) тўлиқ таъминланган, суд қарорлари устидан шикоят киритиш имконияти берилган. Барча суд жараёнлари очиқ ва шаффоф ўтказилганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнларида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат органларига комиссия қуйидаги тавсияларни билдирди:

– келгусида давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнида умумхалқ муҳокамаси босқичида мазмун-моҳиятини, унда иштирок этиш механизмларини фуқароларга тўлақонли тушунтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

– барча даражадаги давлат ҳокимияти органларига муҳим сиёсий ва бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида эҳтимолий ҳақиқатга тўғри келмайдиган, чалғитувчи ва нохолис маълумотлар тарқалиши (дезинформация) ҳолатларига ўз вақтида таъсирчан муносабат билдириш тизимини йўлга қўйиш;

– фуқароларга ўз ижтимоий фаолликларини амалга ошириш жараёнида ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймаслик ва жамоат тартибига риоя қилишнинг муҳимлигини изчил тушунтириб бориш;

– аҳоли кўп тўпланадиган ва кўнгилочар жойларда бўлувчи фуқароларнинг жамоат хавсизлигига таҳдид солувчи салбий хатти-ҳаракатларини юзага келишининг олдини олишга қаратилган доимий профилактик ва тушунтириш каби таъсирчан чора-тадбирларини амалга ошириб бориш;

– оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни мунтазам етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш.

Комиссиянинг ахборотини кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг тегишли қарори қабул қилинди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Ўзбекистон 2025 йилда Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқда'ning rasmi

    Сиёсат 26.12.2024 20:22

    Ўзбекистон 2025 йилда Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқда

    Президент Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди.

    'Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди'ning rasmi

    Сиёсат 26.12.2024 13:01

    Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди

    Ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

    'Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди'ning rasmi

    Сиёсат 25.12.2024 19:18

    Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди

    Учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик ҳамда умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашда МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

    'Шавкат Мирзиёев Озарбайжон ва Россия Президентига ҳамдардлик билдирди'ning rasmi

    Сиёсат 25.12.2024 15:43

    Шавкат Мирзиёев Озарбайжон ва Россия Президентига ҳамдардлик билдирди

    Давлат раҳбари Оқтоуда самолёт ҳалокатга учрагани оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан таъзия йўллади.

    'Шавкат Мирзиёев Россияга етиб борди'ning rasmi

    Сиёсат 25.12.2024 08:51

    Шавкат Мирзиёев Россияга етиб борди

    Ўзбекистон Президентини Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

    '"Чиқинди учун пул тўламаганлар қоронғуда ўтирадими?'ning rasmi

    Сиёсат 24.12.2024 15:39

    "Чиқинди учун пул тўламаганлар қоронғуда ўтирадими?

    Ўзбекистонда чиқиндидан қарзини тўлаш учун фуқароларга 5 кун муҳлат берилади.