АсосийДунё

Россия газини Украина орқали Европага етказиш тўхтатилди

Киев муддати тугаган транзит келишувини янгилашдан бош тортди.

'Россия газини Украина орқали Европага етказиш тўхтатилди'ning rasmi

Украина орқали бир нечта Европа давлатларига Россия табиий газининг экспорти тўхтатилди.

Киев чоршанба куни муддати тугаган транзит келишувини янгилашдан бош тортди.

Украина давом этаётган ҳарбий можаролар сабаб ушбу беш йиллик транзит келишувини янгиламаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантирган эди.

Биз Россия газининг транзитини тўхтатдик. Бу тарихий воқеа. Россия ўз бозорларини йўқотмоқда ва молиявий зарар кўради. Европа Россия газидан воз кечиш қарорини аллақачон қабул қилган, деди Украина энергетика вазири Герман Галушченко ўз баёнотида.

Россиянинг “Газпром” компанияси Москва вақти билан тонги 8:00 дан (05:00 GMТ) бошлаб Европага газ экспорти транзит келишувининг муддати тугаши сабаб тўхтатилганини маълум қилди.

Украина томони ушбу келишувларни янгилашдан қатъиян бош тортгани сабабли 1 январдан “Газпром” Украина ҳудуди орқали транзит учун техник ва ҳуқуқий имкониятдан маҳрум бўлди, дейилади “Газпром”нинг Telegram’даги баёнотида.

Украина Россия газини ўз ҳудуди орқали Словакия, Молдова ва Венгрия каби бир нечта Европа давлатларига етказиб берарди.

Словакия бош вазири Роберт Фико Киевга нисбатан Европа иттифоқининг ёрдамини танқид қилиб келган сиёсатчи, ўтган ҳафта газ оқими тўхтатилишини олдиндан билиб, Москва сафарида Путин билан учрашди.

Жума куни Фико ҳукумати Украинага қарши чора сифатида электр қуввати захирасини етказиб берилишини тўхтатишни кўриб чиқишини айтди.

“Украина президентининг бир томонлама қарорини қабул қилиш мутлақо иррационал ва нотўғри,” деди Фико Брюсселга йўллаган хатида. У қийин иқтисодий шароитда бу қарор катта молиявий зарар келтириши ҳақида огоҳлантирди. 

Вазият Украина билан чегарадош Молдова учун энг оғир, чунки у ички масалаларда Россия қўллаб-қувватлаётган айрим гуруҳлар билан юзлашмоқда. Украина газ транзити тўхтатилишини тахмин қилиб, Молдова аввалроқ 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

2022 йилда Украинадаги ҳарбий можаролар бошлангандан кейин Европа Иттифоқи Россия энергиясига қарамликни камайтириш учун муқобил манбаларни қидиришга киришган эди.

Россия ҳануз Қора денгиз тубидаги TurkStream газ қувури орқали газ экспорт қилишни давом эттирмоқда.

Словакия каби Москва билан яхши муносабатларни сақлаб келаётган Венгрия ўзининг Россия газининг асосий қисмини Қора денгиз қувури орқали олади, шунинг учун Украина қарори деярли таъсир қилмайди.

    Бошқа янгиликлар