Андижонда иш вақтида вафот этган ходимнинг оила аъзоларига корхона томонидан тўланиши лозим бўлган бир марталик нафақа ҳамда ойма-ой зарар тўловлари тўланадиган бўлди.
Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, андижонлик Ш.Н.нинг турмуш ўртоғи Н.Н. меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда тан жароҳати олиб вафот этган. Ш.Н. боқувчисини йўқотгани учун корхона томонидан тўланиши лозим бўлган бир марталик нафақа ҳамда ойма-ой зарар тўловларини ундиришда амалий ёрдам сўраб, Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасига мурожаат қилган.
Шундан сўнг бошқарма Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фуқаронинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, судга даъво аризаси киритилган.
Ариза қаноатлантирилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан Ш.Н. фойдасига 485 миллион 760 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини ундириш белгиланган.