Трампнинг Гренландия ҳақидаги баёнотидан сўнг Дания ўз гербини ўзгартирди. Бу ҳақда zamon.uz хабар берди.
500 йил мобайнида мамлакат гербида уч тож — Дания, Швеция ва Норвегия ўртасида ХIV асрда тузилган “Калмар унияси” рамзи акс этиб келган. 2024 йил декабрь ойи охирида Дания қироли Фредерик гербни ўзгартиришга фармон берди. Янги гербда Копенгаген ўз назорати остида сақлаб қолмоқчи бўлган ҳудудлар — Фарер ороллари (қўй) ва Гренландия ороли (оқ айиқ) рамзлари олдингидан каттароқ шаклда акс этган.
Доналд Трамп кеча жойлаган постида гренландияликлар АҚШнинг бир қисми бўлишни исташаётгани, чунки бу "фойдали" эканини, шунингдек, "Гренландияни яна буюк қиламиз!" каби баландпарвоз гапларни ёзган эди.
Ўз навбатида, Гренландия бош вазири Муте Эгеде оролга мустақиллик берилишини истамоқда. Унинг фикрича, оролнинг Дания таркибидаги тарихи "тенг ҳуқуқли ҳамкорлик яратилиши мумкин эмаслигини" кўрсатмоқда. Эгеде ўзининг янги йил мурожаатида маҳаллий ҳукумат конституция лойиҳасини тайёрлагани ҳақида ҳам маълум қилган.