АсосийДунё

AҚШ томонидан қўллаб-қувватланган мансабдор – Ливан армияси қўмондони Ливан президенти этиб сайланди

Ливан парламенти AҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган армия қўмондони Жозеф Aунни янги президент этиб сайлади.

'AҚШ томонидан қўллаб-қувватланган мансабдор – Ливан армияси қўмондони Ливан президенти этиб сайланди'ning rasmi

Ливан парламенти AҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган армия қўмондони Жозеф Aунни янги президент этиб сайлади. Бу қарор Саудия Aрабистони ва AҚШнинг Aунни фаол қўллаб-қувватлаши шарофати билан амалга ошди. Aун, Вашингтон ва Ар-Риёд билан яқин алоқада бўлган шахс сифатида танилган.

Президент сифатида эълон қилингач, Aун армия қўмондони лавозимидан воз кечди ва парламентга фуқаролик кийимида кириб келиб, қасамёд қилди.

Aун ўз нутқида Ливан учун "янги давр" бошланишини эълон қилиб, мамлакатни иқтисодий ва сиёсий инқироздан чиқаришга интилишини таъкидлади. У шунингдек, "қурол ишлатишни фақат давлат мандати остида монополиялашга" ваъда берди, бу эса Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа жангарилари тўдаси “Ҳизбуллоҳ”га қаратилган аниқ ишора бўлди.

"Ҳизбуллоҳ" Яқин Шарқдаги энг қуролланган жанговар ва тинчликка раҳна солувчи бузғунчи гуруҳ сифатида танилган бўлиб, ўтган йилнинг кузида Исроил билан бўлган оғир уруш, кейинроқ эса Сурияда суннийлар ҳокимиятни қайтариб олганидан сўнг учта мамлакатда ҳам ўз таъсирини йўқотди.

Исроил билан бўлган жангда берилган оғир зарбалар ва ўтган йил декабр ойида Сурия президенти Башар Aсад қулашидан сўнг, "Ҳизбуллоҳ" ўта заифлашди ва бу гуруҳни қуролсизлатириш бўйича узоқдан бери давом этаётган ички мунозараларни янгилади. 

AҚШ томонидан воситачилик қилинган сулҳ келишуви шартларига кўра, "Ҳизбуллоҳ" Исроил билан чегара ҳудудидан чекиниши керак, бу эса унинг ҳарбий имкониятларини янада заифлаштиради. Исроил кучлари эса январ охиригача Ливан ҳудудидан чиқиб кетиши лозим. 

Ливан армияси Исроилга қарши урушда иштирок этмаган бўлса-да, сулҳ келишувини амалга оширишда асосий рол ўйнади.

Янги президент Aун, Ливаннинг Исроилга қарши "мудофаа стратегиясини" "Ҳизбуллоҳ"сиз, муҳокама қилишни бошлашга ваъда берди. Шу пайтгача эса Ливанда "Ҳизбуллоҳ"га Исроилга қарши жанг учун де факто ҳарбий куч сифатида қаралган.

"Мен бошқарадиган давр Ливан давлатининг Исроил истилосидан халос бўлиши ва унинг тажовузларига қарши ўзи мустақил жавоб қайтариш стратегияси яратиладиган давр бўлади", деган Aун.

Ливан 2022 йил октябрида собиқ президент Мишел Aуннинг муддатининг тугаши боис президентсиз қолган эди. Собиқ президент эронпараст "Ҳизбуллоҳ" жангарилари томонидан қўллаб-қувватланган. Унинг вориси бўйича узоқ давом этган музокаралар эронпараст гуруҳлар аралашуви боис доимо муваффақиятсиз якунланиб келаётган эди. Бу эса мамлакатдаги демократик ва эронпараст лагерлар ўртасидаги қарама-қаршиликларни яна кучайтирди.

Сўнгги икки йил ичида парламентда президент сайлаш учун 12 та муваффақиятсиз уринишлар бўлиб ўтди. Ниҳоят Aун иккинчи турда 128 депутатдан 99 овоз билан ғалаба қозонди.

Бироқ "Ҳизбуллоҳ" фракциясининг аъзолари ҳам, ташкилот раҳбарининг айтишича, иккинчи турда "миллий бирликни" мустаҳкамлаш мақсадида Aун учун овоз беришди. Бу билан улар Ливан суверенитетни ҳимоя қилувчи куч” эканликларини кўрсатмоқчи бўлишди. Қолаверса шу тарзда ўзига хос хушомад қилиб, Ливанда жон сақлаб қолишни режалаштиришмоқда. Зеро Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар Эрон манфаатларига хизмат қилувчи “Ҳизбуллоҳ” жангариларини ҳайдаб чиқармоқда. Таъкидлаш керак, Ливанда президент лавозимига одатга кўра мароний насроний сайланиши бўлиши лозим, мамлакатдаги конфессионал кучлари мувозанатини сақлаш мақсадида шунга келишиб олинган.

                                 Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар