2024 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларининг жами 81,2 гектар ер майдонидаги 29 та қаттиқ маиший чиқинди полигони рекултивация қилиниб, санитария талаблари асосида тупроқ қатлами билан ёпилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5-сонли Фармони ижроси юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вазирликнинг Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан 2024 йил давомида республикада мавжуд 198 тамаиший чиқинди полигонидан 29 таси рекултивация қилинди.
Чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мос эмаслиги ер майдонларининг заҳарланиши ва генофонди бузилиши, ёнғин хавфи, атмосферага иссиқхона газлари чиқиши ортиб боришига сабаб бўлади. Бу каби салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси”ишлаб чиқилган. Унга кўра 1 108,6 гектар майдонга тенг 167 та полигон рекултивация қилиниши белгиланган.
Бу каби чора-тадбирлар натижасида иссиқхона газлари сизиб чиқишига чек қўйилиб, ёнғин хавфи олди олинмоқда. Шунингдек, сизот сувларининг атмосфера ҳавосига салбий таъсири 78 фоизга камайтирилди.
Бундан ташқари, “Яшил макон”умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 112 та чиқинди полигони атрофига 197 мингта дарахт ва бута кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил қилиниши натижасида ер генофонди яхшиланиб, яшил ҳудудлар яратилмоқда.