Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Владимир Путинни янги йил билан табриклаб, уни "энг яқин дўсти" деб атади. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг КМТА ахборот агентлиги хабар берди.
"Ўртоқ Ким Чен Ин ўзининг энг яқин дўсти Путинни янги йил билан самимий табриклаб, қардош рус халқига, жасур рус армиясининг барча ҳарбий хизматчиларига ўз номидан, Корея халқи ва республика қуролли кучларининг барча аскар ва офицерлари номидан самимий табрик йўллади", — дейилади хабарда.
Ким Чен Ин Путинга Украинага қарши урушда ғалаба тилади
КМТА маълумотларига кўра, Ким "2024 йилнинг стратегик аҳамияти, янги даражадаги дўстона муносабатлар сифатида анъанавий Корея-Россия муносабатларини ривожлантиришга олиб келган муҳим йўлни" эслатди. У Путинга 2025 йил "XXI асрда Россия армияси ва халқи неонацистларни енгиб, буюк ғалаба қозонадиган урушда ғалаба йили бўлишини" тилаган.
Кремл сайтида Ким Чен Ин Путинни янги йил билан табриклаган давлат ва ҳукумат раҳбарларидан бири сифатида қайд этилган. Ушбу табрикнинг аниқ матни йўқ. Кремлдан табрик телеграммаларини олганлар орасида Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдер ҳам бор.
NYT: КХДР қўшинларини Россияга юбориш ғояси Пхеняндан чиққан
Шимолий Корея қўшинларини Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга юбориш ғояси Москвадан эмас, Пхеняндан чиққан, деб ёзади The New York Times (NYT) 23 декабр куни ўз манбаларига таяниб. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус Москва ва Пхенян ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзолангандан сўнг дарҳол пайдо бўлмаган. "АҚШ разведка идоралари бу Россиянинг эмас, Шимолий Кореянинг ғояси деган хулосага келди, гарчи президент Владимир Путин буни тезда қабул қилган бўлсада", деб ёзади NYT.
Бироқ, материалда таъкидланганидек, Шимолий Корея "ёрдам" эвазига "дарҳол ҳеч нарса олмади" ва унинг раҳбари Ким Чен Ин ҳозирда Москвадан келажакда — технология, дипломатик ёрдам кўринишида миннатдорчиликка умид қилмоқда. Бу Ғарб билан қарама-қаршилик ва инқирозли вазиятларда РФнинг бошқа ҳаракатларини ҳам назарда тутади, дейди манбалар.