Ҳукумат қарори билан мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланди. Унга кўра, ходимлар ва тарбияланувчилар давомати, озиқ-овқат харажатлари "Болалар боғчаси" ахборот тизими орқали ҳисобга олиб борилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 18 декабрдаги қарори билан мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди.
30 сентябрдаги президент фармонига мувофиқ, мактабгача таълим ташкилоти директори ўринбосарига таълим сифатини таъминлаш, педагог ходимларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига инновациялар, илғор педагогик ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш вазифалари юклатилганди.
Давлат МТТларида ходимлар иш ҳақини, озиқ-овқат харажатлари, ота-оналарга алимент бўйича тўловлар ва бошқа тўловларни биометрик идентификация технологиясидан фойдаланган ҳолда автоматик ҳисоблаш жорий этилади.
Бўш иш ўринларини ҳисобга олиш, болаларни навбатга қўйиш ва МТТга жойлаштириш учун йўлланмаларни шакллантириш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг "Болалар боғчаси" мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида амалга оширилади.
2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳрида синов тариқасида, 2025 йил 1 июлдан эса барча давлат МТТларида "Болалар боғчаси" ахборот тизими орқали ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давомати, иш вақти, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини ҳисобга олиш жорий этилади.
"Болалар боғчаси" ахборот тизимига хизмат кўрсатиш, уни қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни "UZINFOCOM" МЧЖ тизим оператори амалга оширади, бунда кўрсатилган хизматлар учун ота-оналар бадалининг 2 фоизи йўналтирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб ходимлар ва болаларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали назоратга олишни йўлга қўйиш учун болалар боғчаларини планшетлар ва бошқа ускуналар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм ажратади.
2025 йил 1 июлдан фискал белгили касса чеки берилмасдан ота-оналар тўловларини қабул қилиш тақиқланади. Ота-оналар тўловларининг тушуми тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларининг ахборот тизимига автоматик тарзда узатилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ даромад солиғидан озод қилишни қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилади.