Бугунги тезкор ахборот асрида аксарият инсонлар сурункали уйқусизликдан азият чекмоқда. Доимий стресс, маълумотларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги одамларнинг ушбу муаммо билан кўпроқ рўбарў келишига сабаб бўляпти.
Хўш, бу ҳолат саломатлик учун қанчалик хавфли? Ундан халос бўлишда нималарга риоя қилиш керак?
Мазкур саволларга Миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари Акмал Раҳматуллаев жавоб берди.
— Уйқу – инсон соғлигида муҳим ўрин тутади, — дейди мутахассис. — Сабаби одам ухлаганда мушаклар тонуси ва артериал қон босими пасайиб, юрак уриши, тўқималарга қон келиши ҳамда танадаги моддалар алмашинуви секинлашади. Натижада нафақат мия, балки барча тана аъзолари “дам” олади.
Афсуски, бугун кўпчилик билан суҳбатлашсангиз, яхши ухлолмаётганидан, айримлар эса сурункали уйқу келмаслигидан шикоят қилади.
Бунга эса жуда кўп омиллар сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, асаблар зўриқиши, тунда ишлаш, оғир меҳнат шароити, стимулловчи дори препаратларини қабул қилиш, травматик вазиятлар, ноқулай ўрин-ёстиқлар, спиртли ва мунтазам кофеинли ичимликлар ичиш ҳамда тамаки чекиш каби ҳолатлар доимий уйқусизликни келтириб чиқариш хавфи юқори.
Қолаверса, бу муаммо кучли руҳий ва эмоционал шикастланишлар, невроз, хавотирланиш, бош мия касалликлари (айниқса, мия қон томирлари атеросклерози), ички аъзолар ва эндокрин безлар (буйрак, жигар, қалқонсимон без) хасталиклари билан боғлиқ нерв тизимининг функционал бузилишларида ҳам учрайди.
Сурункали уйқусизлик оқибатида организмда турли эндокрин, юрак-қон томир ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари ҳамда асаб ва руҳий хасталиклар ривожланиш хавфи ортади.
Агар мазкур ҳолат мунтазам безовта қилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Муаммодан халос бўлиш учун соғлом турмуш-тарзига риоя қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш тавсия этилади. Бироқ уларни ухлаш олдидан бажармаслик керак.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида таркибида кофеин бўлган ҳар қандай маҳсулотни истеъмол қилиш, ухлашдан аввал қаҳва ёки аччиқ чой ичиш мумкин эмас. Аксинча, ётишдан 5-10 дақиқа олдин тинчлантирувчи машқлар бажариш, сокин мусиқа тинглаш ва илиқ ванна қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Агар шифокор кўрсатмаси бўлмаса, зинҳор ухлатувчи дориларни қабул қилиш керак эмас.