Самарқанд вилоятида машинасини йўл-патруль инспекторининг устига ҳайдаган ҳайдовчи қамоққа олинди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 31 январь куни Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли кўчасида хизмат фаолиятини олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходими томонидан шу йўналиш бўйлаб давлат рақам белгисиз Оnix ҳайдовчисига сезиларли ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ишораси берилган. Лекин ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, унинг устига ҳайдаб, тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан яширинган.
“Кечки соат 20:00 да уйга Паяриқдан ўз автомобилим билан қайтаётгандим. Микрораён томонидан келаётган вақтимда ходим турган экан. Ходим тўхтатганига тўхтадим, машинадан туш деганида тушмадим, ҳайдаб кетдим. Тўхтамасдан ЙПХ ходими капотнинг устига қўлларини ташлаб, ушлаб қолди, одамлар сигнал берди, умуман эшитмадим ҳам. Қилган ишимни такрорламайман, илтимос, мени кечиринглар”, дейди ҳайдовчи.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш) 3-қисми ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган ва унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.