Ўзбекистонда судлар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги кутилмоқда. Бу ҳақда Сенат қўмитасида муҳокама қилинган қонун лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, 11 февраль куни парламент юқори палатасининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтган. Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, ҳудудлардан маҳаллий комиссиялар ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган.
Мажлисда "Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун муҳокама қилинган.
Қонун билан Оила кодекси, Уй-жой кодекси, шунингдек, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ҳужжат лойиҳасида оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.
Жумладан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланмоқда.
Никоҳдан ажратиш масаласи ўз вақтида ҳал қилинмаслиги айрим ҳолларда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, бевақт ўлими каби аянчли оқибатларни келтириб чиқармоқда, дейилади қўмита хабарида.
Таъкидланишича, бу норманинг амалиётга жорий этилиши мунтазам тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўлган низоли оилаларда оғир жиноятлар содир бўлишининг олдини олади.
Бундан ташқари, қонун билан Уй-жой кодексига қўшимча киритилиб, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра, турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.