Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Наманган вилоятида йўл-патруль хизмати инспектори қоидабузар ҳайдовчи машинада уриб юбориши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.
Унга кўра, соат 23:00 ларда ЙПХ ходимлари томонидан Наманган вилояти, Давлатобод тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган Onix русумли автомашинага тўхташ ишораси берилганида, тегишли ҳужжатга эга бўлмаган ҳайдовчи ходимларга бўйсунмасдан қочишга уринган.
Шу вақтда рация орқали олдинроқда хизмат олиб бораётган катта сержант Вахобжон Мўминовга мазкур автомашинани тўхтатиш чорасини кўриш юзасидан хабар берилган. Вахобжон Мўминов ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган вақтида ҳайдовчи юқори тезлик билан ходимни уриб юбориб, унинг ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказган.
Тезкор ҳаракатлар натижасида транспорт воситасининг ҳаракати чекланиб, ҳайдовчи қўлга олинган.
Бироқ катта сержант Вахобжон Мўминов вилоят Тиббиёт бирлашмасига олиб борилаётганида вафот этган.
“Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва кўп сонли шахсий таркиби Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати катта инспектори катта сержант Мўминов Вахобжон Абдувалиевичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Катта сержант Вахобжон Мўминов 2007 йилдан ички ишлар органларида фидокорона хизмат қилган. Унинг ортида суюкли аёли, 2 нафар қизи ва 1 нафар ўғил фарзандлари қолди”, дейилади хабарда.






