Президентимиз олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, селекция тизимини такомиллаштириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Лос-Анжелесдаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Миллий Олимпия қўмитасига Президент раҳбар бўлганидек, ҳудудий бўлимларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилади.
Ҳокимлар ҳар бир федерация билан ишлаб, олимпия цикли учун махсус стратегиясини ишлаб чиқади ва Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида ҳимоя қилади.
Барча спорт федерациялари раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари амалга ошираётган ишлари ва эришган натижалари ҳақида ҳар ойда Олимпия қўмитасида ҳисобот беради.
Спортчиларни келгуси Олимпиадага тайёрлаш учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Бу йилнинг ўзида камида 10 нафардан спортчи ва мураббийларни энг нуфузли хорижий спорт академияларида ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, олдинги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари натижасига қараб, спорт турлари дифференциал ёндашув асосида 3 та тоифага ажратилади.
Бизда бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика йўналишлари устувор бўлиб келган. Лекин бу федерация раҳбарлари хотиржамликка берилмасдан, медаллар сонини 2 карра оширишни ўз олдига мақсад қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, юнон-рум, аёллар кураши, камондан отиш, қиличбозлик бўйича бизда шароит ҳам, иқтидорли спортчилар ҳам етарли.
Келгуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларида бу спорт турлари бўйича натижа кўрсатиш учун ҳозирданоқ хорижий мутахассисларни жалб қилиб, спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёргарлиги билан астойдил шуғулланиш топширилди.
Истиқболли бўлган енгил атлетика, велоспорт, эшкак эшиш, сузиш, ўқ отиш каби 22 та спорт тури бўйича лицензияларни 3-4 карра кўпайтириш ва медаллар учун курашга қаттиқ киришиш лозим.
Бундан ташқари, синхрон сузиш, триатлон, волейбол, баскетбол, гандбол, бадминтон каби ривожланаётган 17 та спорт турида лицензияларни қўлга киритиш жуда муҳимлиги таъкидланди.
Ушбу федерация раҳбарлари маҳаллагача тушиб, ёш иқтидорларни аниқлаши, биттадан спорт мактабини танлаб, база қилиши, инфратузилмасини яхшилаши ва малакали мураббийлар билан таъминлаши зарурлиги қайд этилди.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун жойлардаги 310 та спорт мактаблари миллий терма жамоаларнинг “селекция базаси”га айланади.
Барча вилоятлардаги спорт бошқармалари бошлиқлари ҳамда барча спорт мактаблари директорларининг фаолиятини тубдан кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Спорт бошқармалари бошлиқларига шахсий масъулиятини оширишга қаратилган уч ойлик синов тайинланди.
Мутасаддиларга ҳар бир мактаб бўйича аниқ мақсадларни белгилаб, уч йиллик дастур қилиш топширилди.
Жисмоний тарбия университети, Нукус, Фарғона, Самарқанд каби спорт факультети бўлган олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, битирувчи курс ва магистратура талабаларининг олти ойга спорт мактабларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.
Улар диплом иши ва диссертацияларини бевосита жойлардаги муаммолардан келиб чиқиб ёзиши ва уларга амалий ечим бериши муҳимлиги таъкидланди.
Олийгоҳ ректорлари янги методика ва ёндашувларни бевосита шу ерда жорий қилиб, спорт мактабларини дуал таълимнинг илмий-амалий базасига айлантиради.