АсосийЖамият

Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналар Тошкент ва вилоят марказларидан кўчирилиши мумкин

2025 йил 1 майдан бошлаб атроф-муҳитга салбий таъсир қилувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади.

'Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналар Тошкент ва вилоят марказларидан кўчирилиши мумкин'ning rasmi

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида экологик хавфли корхоналарни ишга тушириш тўхтатилади. Бу президентнинг давлат дастурини 2025 йилда амалга ошириш тўғрисидаги фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экофаоллар, Ўзбекистон экологик партияси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таклифини инобатга олган ҳолда 2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:

  • асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
  • тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
  • самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
  • қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
  • хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.

Республиканинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш кўзда тутилмоқда. Авариявий ёқилғи сифатида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигини хабардор қилиб, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно.

Шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар атроф муҳитга таъсири юқори бўлган объектларни ва энергия сарфи юқори бўлган йўналишлардаги мавжуд қувватларни модернизация қилган ҳолда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан босқичма-босқич кўчириш бўйича асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

    Бошқа янгиликлар