2024 йил давомида Тошкент шаҳар ҳудудида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 3 609 та ҳолатда 87,6 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Бу ҳақда Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шиддатбек Абдуғаффоров маълум қилди.
Аниқланган мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан берилган ёзма кўрсатмалар асосида 1 678 та ҳолатда 18 гектар ер қонунбузилиш ҳолатлари фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Жумладан, Олмазор туманида жами 400 та ҳолатда қарийб 11 гектар ер майдонини ўзбошимча эгаллаш ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан 125 та (1,3 гектар) ер қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилган. Сергели туманида аниқланган 354 та (23,5 гектар) ер қонунбузилиш ҳолатидан 156 таси (1,7 гектар), Мирзо Улуғбек туманида аниқланган 386 та (6,6 гектар) ҳолатнинг 166 таси (1,5 гектар) олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони аввалги ҳолатига қайтарилган.
Ёзма кўрсатмаларга мувофиқ қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмаган 69,1 гектар ер майдонларидаги 1 957 та қонунбузилиш ҳолат юзасидан судларга даъво аризалари киритилиши таъминланди.