Тошкент ҳамда Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифларини тартибга солиш мақсадида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг тегишли сессия қарорлари билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Унга кўра:
— Тошкент вилоятининг айрим ҳудудлари (Бекобод ва Нурафшон шаҳри ҳамда Зангиота тумани)да жисмоний шахслар яъни аҳоли учун 7 840 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун 82 880 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори белгиланди. Белгиланган тўлов тарифи Тошкент вилояти “Иброхимжон ишонч” МЧЖ, “Шабнам-обод-сервис” МЧЖ, “Аҳмаджон омад барака” ХК, “Дилшод Муродбарака” ХК, “Метал-механик-мастер” МЧЖ, “Орзу ишонч файз” МЧЖ, “Дилхумор сервис” МЧЖ, “Обод ҳудуд сервис” МЧЖ, “Искандар сервис лукс” МЧЖ, “Макс қур лидер махсус” МЧЖ ҳамда “Нурафшон-обод-ҳудуд” МЧЖлар каби санитар тозалаш корхоналари учун тасдиқланди.
— Навоий вилоятининг айрим ҳудудлари (Ғозғон шаҳри ҳамда Хатирчи, Навбаҳор, Нурота ва Конимех туманлари)да жисмоний шахслар яъни аҳоли учун 4 950 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун 80 080 сўм (ҚҚС билан) миқдорида тўлов тасдиқланди. Белгиланган тўлов тарифи “МИРОНШОХ КОМФОРТ СЕРВИС” МЧЖсанитар тозалаш корхонаси учун амал қилади.
Шунингдек, маиший чиқиндиларни жойлаштириш, сақлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш хизмати учун Навоий вилояти бўйича 1 м³ — 20 160 сўм (ҚҚС билан) ҳамда 1 тонна — 48 933 сўм (ҚҚС билан) этиб тасдиқланди.
Таъкидланишича, ушбу чора-тадбирлар давлат раҳбарининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.