Қашқадарё вилояти Касби туманидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 10 март куни Касби тумани «Дўстлик» МФЙ ҳудудидаги шохобча ҳовлисида 2 та 9 тоннали сиғим ёнган. Воқеа жойига 4 та ёнғин қутқарув бўлинмаси соат 22:04 да етиб бориб, 22:33 да ёнғинни тўлиқ ўчирган.
Ҳодиса оқибатида 2 киши куйиш жароҳатини олган. Жароҳатланган фуқароларнинг аҳволи яхши, ҳалок бўлган йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган зарар миқдорига аниқлик киритилмоқда