Давлат солиқ қўмитаси маълум қилишича, мамлакатдаги энг машҳур блогерлардан олтитаси бюджетга тахминан 3,1 млрд сўм солиқ тўламагани аниқланган.
Маълумотга кўра, қўмита 110 нафар блогер фаолиятини ўрганган. Улардан 55 нафари ўзини ўзи банд қилган, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида, 22 нафари эса жисмоний шахс сифатида фаолият юритмоқда.
2025 йилда ушбу блогерларнинг умумий декларация қилинган даромади 2,7 млрд сўмни, тўланган солиқ миқдори эса 110 млн сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, реклама постлари ва сторислар таҳлили асосида олти йирик блогер томонидан тахминан 3,1 млрд сўм солиқ тўланмагани эҳтимоли қайд этилган. Бу рақамлар дастлабки ҳисоб-китоблар экани таъкидланмоқда.
Қўмита блогерлик фаолияти тадбиркорлик турига кирадиганини эслатиб, ўзини ўзи банд қилган шахслар расман ходим ёллай олмаслигини ҳам қайд этди.
Блогерларга фаолиятини қонунчиликка мувофиқлаштириш учун уч ой муҳлат берилган.






