“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бугун Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарувчи асосий генерация тармоғи ҳисобланади ва 2024 йил давомида жами 32 млрд.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Жамият матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу режага нисбатан 3 млрд.кВт.соатга кўп бўлиб, қўйилган вазифа 110 фоизга бажарилди.
2024 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида 646,14 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди, бунда белгиланган режа ижроси 104,73 фоизни ташкил этди. Инвестиция дастури доирасида янги, замонавий, энерготежамкор қурилмаларни жорий этиш мақсадида, Толимаржон ИЭС АЖда 1065 МВтқувватга эга буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари якуний босқичга кириб, йирик инвестиция лойиҳаси жорий йилнинг охирига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Тошкент ИЭМда 64 МВт бўлган иккита газ-турбина қурилмалари ишга туширилди. Навоий ИЭСда эса 650 МВт эга 3-сонли буғ-газ қурилмаси ва Юнусобод туманидаги 4-сонли иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга замонавий газ-поршен электр станциясининг қурилишига старт берилди.
Шунингдек, пойтахтнинг сўнгги нуқталарида жойлашган аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида Олмазор туманидаги“Шон-Шуҳрат” маҳалласи ҳудудида янги, замонавий, энерготежамкор когенератсия қурилмаси барпо этилди. Бу ерда 1,2 МВт электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган газ-поршен қурилмаси ҳамда 6,4 Гкалл иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи2 та Bosch қозонлари ўрнатилди. Натижада иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар 90 фоизга камайтирилишига, қўшимча йилига 8 млн. кВт соат электр энергияси ва 52 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилишига ҳамда 0,7 млн. кубметр табиий газ тежалишига эришилади. Айни пайтда ҳудди шундай лойиҳа Сергели тумани “Ўзгариш” маҳалласида ҳам бунёд этилмоқда.
Иссиқлик электр станциялари ва марказларини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида жами 53 та энергоқурилмаларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 291 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 235 тонна/соатга оширилишига эришилди.