АсосийЖамият

Мусобақалар ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинади

Президент раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

'Мусобақалар ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати маълум қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етди, бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.

Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаяпти. Хусусан, ўтган 8 йилда 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилган.

Бугунги кунда 20 та туризм қишлоғи фаолият юритаяпти. Паркент туманининг “Олтин бел” чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этилаяпти.

Аслида, юртимиз тарихи, маданияти ва табиатига асосланиб, сайёҳларни яна 2-3 карра кўпайтириш мумкин. Лекин айрим ҳудудларда йўл ва транспорт ноқулайлиги, кўнгилочар жойлар ва қизиқарли дастурлар етишмаслиги каби камчиликлар бор.

Шу боис йиғилишда жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шароитларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Масалан, Сариосиё туманининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. У ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади. Чортоқ тумани ҳам гўзал табиати, шифобахш суви билан машҳур.

Мутасаддиларга шу каби 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бугунги кунда “BBC”, “Euronews” каби нуфузли телеканалларда, 20 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда Ўзбекистонга саёҳат кенг тарғиб қилинмоқда. Виза тартиблари соддалаштириляпти, замонавий самолётлар олиб келиняпти.

Энди бу имкониятлардан фойдаланиб, соҳадаги салоҳиятли бозорлардан сайёҳларни жалб қилиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Айни пайтда Миллий туризм ягона платформаси ишлаб чиқилмоқда. Энди унга электрон виза бериш, чипта олиш жараёнлари ҳам уланади. Шунингдек, барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилинади.

Сўнгги йилларда ички туризмга эътибор кучайгани учун маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етди. Лекин ҳалигача бошқа вилоятларга саёҳатга бормаганлар кўп топилади.

Шу боис энди ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси “оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни”, деб эълон қилинади. Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинади.

    Бошқа янгиликлар