Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар, факсимиле нусхалар, макет ва муляжлар билан бойитиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш, экспозициянинг илмий ва инновацион лойиҳаларига бағишланган Илмий кенгашнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув қизғин баҳс-мунозаралар, кескин танқидий муносабатлар ва таҳлилий фикрларга бой бўлди.
Учрашув аввалида Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов айни пайтдаги жараёнлар, сўнгги бир ой ичидаги ўзгаришлар, амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йил 29 январда Президент Шавкат Мирзиёев Марказга ташриф буюриб экспозициялар билан танишиш давомида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш масалаларига катта эътибор қаратиляпти.
Шунингдек, жорий йил 11 мартда Бош вазир иштирокида ўтказилган Васийлик кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар бўйича сўнгги бир ой ичида 500 га яқин маҳаллий олимлар жалб қилинган. “Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи Ренессанс даври, Иккинчи Ренессанс ва ўзбек хонликлари даври; “Янги Ўзбекистон – Янги ренессанс” сингари бўлимлар учун 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар учун 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар биргаликда иш олиб бориши кераклиги қайд этилди. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Бугунги кунга қадар 9 та йўналиш бўйича 12 марта Илмий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Республика бўйлаб 40 га яқин кичик ишчи гуруҳлар томонидан сўнгги бир ойнинг ўзида 50 га яқин муҳокамалар бўлиб ўтди.
Марказ контентини бойитиш доирасида ташкил этилаётган 5 та асосий кўргазма залларда илмий-инновацион лойиҳалардан ташқари артефактлар, қўлёзмалар, муляжларга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ўтган ойнинг ўзида Фредерик Брессан (Франция), Сергей Лаптев (Япония), Ирина Османова (Россия) каби бир қатор хорижий мутахассислар иштирокида республика бўйича ўнга яқин музейлардан артефактлар танлаб олишга эришилди. Бу ҳали етарли эмас. Шу нуқтаи назардан хорижий музейлар, кутубхоналарга мурожаат қилиняпти. Марказ очилишига дунёнинг 50 дан ортиқ музей ва кутубхоналар иштироки режалаштитрилган.
Йиғилишда марказда Реставрация бўлими ташкил этилиши юзасидан Россия Давлат Эрмитажи музейининг бўлим бошлиғи Игорь Малкиель ва музей вакили Ирина Гурулева тақдимот қилишди. Тақдимот давомида Россия Давлат Эрмитажи музейида сақланаётган Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид экспонатларни марказ экспозициясига олиб келиш ва шу билан бирга Марказда махсус йирик лаборатория ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, Марказда алоҳида айнан Реставрация бўлими очилиши жуда муҳим, чунки Ўзбекистонда кўплаб археологик экспедициялар ўтказилмоқда ва улардан олинган ашёларни айнан шу реставрация марказида тиклаш имконияти пайдо бўлади.
Маълумот учун қайд этиш керакки, Эрмитажнинг лабораторияларни ташкил этишда юз йилдан ортиқ тажрибаси бор. Россия Давлат Эрмитажи музейининг реставрация имкониятлари жуда юқори бўлиб, дунёда энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган, яъни нанотехнологиядан фойдаланиладиган лаборатория ҳисобланади.
Россия Давлат Эрмитажи музейининг бўлим бошлиғи Игорь Малкиель ўз фаолияти давомида дунёнинг турли мамлакатларида реставрация-консервация лабораториясини ташкил этишда бевосита иштирок этган бўлиб, замонавий лабораторияларни ташкил этишда жуда катта тажрибага эга мутахассисдир.
Шунингдек, дунёдаги нуфузли "1001 кашфиёт" медиа-лойиҳаси директори ва продюсери Аҳмад Салим (Буюк Британия) болалар учун махсус интеллектуал майдонча ташкил этиш бўйича ўз лойиҳасини тақдим қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур майдонча болаларга алломаларнинг ҳаёти ва мероси билан яқиндан танишиш, виртуал мулоқот қилиш имкониятини яратади.
Аҳмад Салим директори ва продюсерлигидаги "1001 кашфиёт" медиа-лойиҳаси дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритган ва бу ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Ушбу медиа-лойиҳанинг кўпгина кўргазмалари очилишида бир неча ўнлаб давлат раҳбарлари иштирок этишган. Шунингдек, Аҳмад Салимнинг "1001 кашфиёт" медиа-лойиҳаси Буюк Британия, БАА қироллари, Ўммон султонининг ҳам алоҳида эътиборига тушган.
Қайд этиш керакки, Давлатимиз раҳбари Марказга ташрифлари давомида ёшлар, болалар учун алоҳида шароит яратиш ҳақида ҳам топшириқ берган. Ана шу топшириқлар ижроси бўйича бу лойиҳа амалга оширилмоқда. Унда маданий меросимизни ўргатадиган хилма-хил инновацион экспозициялар бўлиши назарда тутилмоқда. Марказда 800 квадрат метр майдонга эга зал бўлиб, дунёдаги нуфузли "1001 кашфиёт" компанияси директори ва продюсери Аҳмад Салим жамоаси томонидан унда болалар учун алоҳида экспозиция ташкил этилиши жараёни бошлаб юборилган. Бу Марказга болалари билан ташриф буюрганлар учун қулайлик яратади. Лойиҳа болаларга муҳим ва зарур маълумотлар билан инновацион усулда танишиш имконини беради.
“Мусулмон мамлакатларида 40 дан зиёд лойиҳаларни амалга оширганмиз. 500 мингдан ортиқ болалар биз тайёрлаган экспозициялардан баҳраманд бўлган. Ўзбекистонда амалга оширадиган бу лойиҳа – биз учун алоҳида аҳамиятга эга”, – деди Салим Аҳмад.
Шунингдек, болалар учун марказни таништирувчи рангли китоблар нашр этиш, вилоятлардаги болалар учун кўчма намойишларни ташкил этиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу лойиҳа 3 тилда – ўзбек, инглиз ва рус тилларида амалга оширилади.
Йиғилиш давомида экспозицияни илмий ва инновацион жиҳатдан ривожлантириш бўйича белгиланган 9 та йўналиш раҳбарлари ўз тақдимотлари орқали бўлимлардаги янгиликлар ва қўшимчаларни маълум қилдилар.
1638 квадрат метрга тенг Қуръони карим залида бу илоҳий китобнинг 316 та нодир нусхалари намойиш қилинади. Унда хорижнинг турли музейларида сақланадиган қимматбаҳо, нодир Қуръони карим китобининг асл ва кўчирма нусхалари олиб келинади. Экспонатлар очиқ намойишга қўйилади. Шунингдек, 2025 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа томонидан топширилган Саудия Подшоҳининг ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи (Кисва)нинг бир бўлаги ҳам ўрин олади. Хориж музейлари ҳам Муқаддас Каъба ёпинчиғлари(Кисва)нинг қадимий нусхалари билан Марказ очилиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.
Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими 5 та кичик бўлим (Қадимги Хоразм, Сўғд, Бақтрия, Чоч ва Қадимги Фарғона) цивилизацияларига ажратилган. Умумий ҳисобда республика музейларидан олинадиган артефактлар 44 та, Марказ фондида сақланаётган қўлёзма ва асл нусхалар 37 та, хорижий музейлардан олинадиган артефактлар 39 тани ташкил этади. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу бўлимга қўшимча жалб қилинадиган умумий экспонатлар сони 200 дан ошади. Бўлим учун масъул Тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова айни вақтда бўлимда иш жарёнлари қизғин давом этаётганини таъкидлади:
– Экспозиция ичида яна бир экспозиция пайдо бўлади. Биз бу бўйича алоҳида йўл харитаси ишлаб чиққанмиз. Бўлимга кирган киши бой тарихимиз, маданиятимиздан хабардор бўлиб чиқиши керак. Шу бўйича ишчи гуруҳ тинмасдан, фидойилик билан шахсий жонбозлигини кўрсатмоқда. Биз қўшимча изланганимизда яна янги ва бўлимга қўшишимиз керак бўлган экспонатлар келиб чиқмоқда. Бу бизнинг тарихимизнинг нақадар бой ва ичига кирган сари яна янгиликлар келиб чиқишини исботламоқда, – деди Жаннат Исмоилова.
“Биринчи Ренессанс даври” гуруҳ раҳбари, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдухалимов кенгаш йиғилишида маълум қилишича, экспозициядаги ноодатий бўлим бўлиши кутилмоқда. Қайд этилишича, бўлим бино ичида кичик бино кўринишида бўлади.
–Марказни муносиб тарзда очиб, халқимизга топширсак, зммамиздаги масъулиятли вазифани уддалаган бўламиз. Биз олимлар эртаю кеч шу ҳақида бош қотиряпмиз. Бўлимимизда жами 220 дан ортиқ артефактлар, 126 тадан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиши режаланган. Лойиҳалардан умидимиз катта. Бўлимнинг шакли ҳам ноодатий, кирган одам жозибадор тарихимиздан баҳраманд бўлиб чиқади. Бўлимдан кашфиётлар, янгиликлар ва янги топилмалар доимий жойлаштириб борилиши имконияти бўлади. Экспонатларнинг мантиқий алмашинуви ҳам йўлга қўйилади, – деди Б. Абдуҳалимов.
“Иккинчи Ренессанс” бўлими гуруҳ раҳбари, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳам лойиҳалар бўйича тақдимот қилди. “Иккинчи Ренессанс” бўлими экспозицияси 148 та лойиҳа бўйича шахслар кесимида 5 та даврга бўлинганини таъкидлади. Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Cултон Ҳусайн Мирзо ва Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур секторлари шулар жумласидан.
Шулардан 304 таси хорижда сақланаётган Темурийларга оид ашёлар, 106 та Ўзбекистонда мавжуд бўлган ашёлар умумий сони келажакда база сифатида киритилади.
Мазкур бўлим бўйича Кенгаш аъзолари томонидан бинонинг кириш қисмига Аркага қисман ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар киритилди. Шунингдек, йиғилишда марказдаги рангтасвир санъатига оид асарлар таҳлили ҳам амалга оширилди. Кенгаш аъзолари томонидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Ўзбекистон халқ рассоми, академик Баҳодир Жалолов таъкидига кўра экспозициянинг ҳар бир экспонатларини шакли, жойлашуви ҳам нафис ва гўзал бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритди.
Кенгашнинг ҳар йиғилишида ўзим учун янгиликлар оламан. Марказни ташкил этиш масаласи юзасидан ҳар бир йиғинимиз жуда масъулиятли ташкил этилади. Экспозиция учун образларни яратишда олимларнинг ҳам мана шундай қизғин музокараларни акс эттиргим келди. Олимлар йиғилган жойда, албатта, баҳс, мунозара бўлади. Бу халқаро экспертлар, ҳамкорлар томонидан ҳам илиқ кутиб олинди. Маҳаллий олимлар томонидан турли фикр ва муносабатларни билдириб ўтди. Буларни асрарларимда инобатга олишга ҳаракат қиламан. Улардан асосли фикрлар билдиряпти, – деди Баҳодир Жалолов.
Тарихий шахслар сиймоси доим баҳс ва мунозаралар марказида бўлган. Кенгашнинг аввалги йиғилишларида ҳам бу масала узоқ ва давомсиз муҳокама этилган эди. Бу масалада Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, санъатшунос Акбар Ҳакимов Баҳодир Жалолов асарларини юқори баҳолади. У яратган асарларида тарихий ҳақиқат ва тафаккур қилинган ижод маҳсули мавжудлиги таъкидлаб ўтди.
Тарихчи бўлган воқеани қандай бўлганини ёзади, рассом эса воқеа қанақа бўлиши мумкин эди, дея унга ижодий ёндошади. Шунинг учун тарихий шахсларнинг сиймоларини яратишда ижодкорни эркин қўяйлик, уларнинг аниқ илмий ва тафаккури асосида ижод қилишига имкон берайлик. Уни инкор этмаслик керак. Тўғри, бунга жиддий ёндашиши керак, лекин бутун бошли асарни битта сўз билан барбод қилиб бўлмайди. Рассом салоҳиятига ишониш керак, уни ғоялар билан қўллаш керак, – деди Акбар Ҳакимов.
Кенгаш йиғилишида таъкидланишича, жойлардан нодир экспонатлар мисқоллаб йиғиб олинади. Хорижга сафарлар уюштирилди, экспедиция давомида мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид 300 дан ортиқ экспонатлар топилди. Бу албатта катта Марказ учун кам. Ноябрь ойида юртимизда ЮНЕСКО томонидан мамлакатимизда нуфузли тадбир ўтказилиши режаланган. Унда 400 дан ортиқ экспонатлар Марказга тақдим этилиши режалаштирилган. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жойларга экспедиция уюштирилиши ва ҳудудлардаги уй музейлари, маданият масканларидан экспонатлар Марказ учун тўпланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, экспонатлар яширин тарзда эмас, очиқ ҳолда халққа намойиш этилиши маълум қилинди. Экспонатлар ертўлаларда, ёпиқ музейларда эмас очиқ, ёруғ ва замонавий очиқ бинода сақланади. Кенгаш аъзолари тайёр контентларни альбом тарзида масъулларга тақдим этиш ва жарёнларга киришишни келишиб олишди.