Жорий йилнинг 13 апрель куни Истанбул метрополитенида ўзбекистонлик фуқаро маҳаллий аёлни унинг розилигисиз суратга олган. Мазкур ҳолат жабрланувчи томонидан ҳуқуқ-тартибот органларига хабар қилингач, ўзбекистонлик шахс қўлга олиниб, тергов ҳаракатлари бошланганди.
Турк қонунларига кўра, бу каби ҳаракатлар шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади. Натижада, фуқаронинг Туркияда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси бекор қилинди, унга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланиб, депортация жараёни бошлаб юборилди.
Ўзбекистон Бош консулхонасининг аралашуви натижасида фуқаро жиноий жавобгарликдан озод қилинди, бироқ у барибир мамлакатдан чиқариб юборилади.
Бош консулхона фуқароларни яна бир бор огоҳлантирди:
“Туркияда яшаш ва бўлиш давомида маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий амал қилинг. Бегона шахсларни, айниқса аёлларни, уларнинг рухсатисиз суратга ёки видеога олиш қатъиян ман этилган. Бундай ҳаракатлар оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Эҳтиёт бўлинг ва хорижда юртингиз шаънини ҳимоя қилинг.”
Маълумот учун, Туркия қонунларига биноан, шахсий розиликсиз суратга олиш ҳолатлари жиноий жавобгарликка олиб келади ва фуқаронинг мамлакатда қолиш ҳуқуқини бекор қилиш билан якунланиши мумкин.