Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори барча адабиёт ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди, деб ёзади ЎзА.
Эркин Воҳидов “оқ суту туз ҳурмати”ни оқлашга бутун умрини бахшида қилган, мустабид тузум қиличини қайраб турган оғир йилларда “лекин аввал сенга бўлсам содиқ ўғлон, ўзбегим” дея ўз халқи ва юртига содиқ бўлмоқни ҳар нарсадан устун қўйган ва бу ҳақда баралла айта олган жасоратли адиб эди. Шоирнинг “Ўзбегим” қасидаси эълон қилинганда, космополитизм тарафдорлари барча миллатлар йўқолиб, биргина миллат қолади дея жар солар ва замон ҳукмдорларига бу фикр ғоят маъқул тушар эди. Шу сабаб Эркин Воҳидов шўроларнинг таъқибига учраб, маълум муддат ҳеч қаерда ишламасдан, бадиий таржима билан шуғулланишга мажбур бўлди. Юксак бадиий маҳорат билан таржима қилинган “Фауст” асари ўзбек китобхонларини жаҳон адабиётининг яна бир нодир дурдонаси билан ошно қилди.
Эркин Воҳидовдаги курашчан руҳ барча асарларида бўй кўрсатиб, ўқувчининг қалбида шунга мос туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади. Унинг “Она тилим ўлмайди”, “Шарқий қирғоқлар”, “Руҳлар исёни” сингари шеър ва достонлари ўқувчилар қалбидан чуқур жой олган.
Шоирнинг миллий маданиятимиз, адабиётимиз ва тилимиз софлигини, унинг жозибаси ва бетакрорлигини сақлаб қолишдаги хизматларини алоҳида таъкидлаш керак. Айниқса, ғазал жанрини, умуман, арузни сақлаб қолишдаги жасорати таҳсинга лойиқ. Шоирлар арузда ижод қилишга ботинолмай қолган бир пайтда Эркин Воҳидов айнан шу жанрда катта жасорат билан инсоний туйғуларни юқори пардаларда куйлаган, ҳаққоний туйғуларга тўлиб-тошган, вазн талабларига мос келадиган, соф замонавий ўзбек тилида битилган етмишга яқин ғазални ўз ичига олган “Ёшлик девони”ни эълон қилади. Бу билан “Ғазал маънан эскирди”, “Арузда соф ўзбекча шеър ёзиб бўлмайди” қабилидаги гап-сўзларга чек қўйилади. Ушбу китобдаги деярли барча ғазаллар ўша даврдаги машҳур ҳофизлар томонидан мусиқага солиб қўшиқ қилинади.
Эркин Воҳидов “Шоиру шеъру шуур”, “Сўз латофати” китобларида ўзбек филологиясининг долзарб муаммоларини кўтариб чиқди ва бу муаммоларнинг мақбул ечимини тавсия қилди.
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов умри давомида ўзининг қуйидаги мисраларига тўла амал қилиб яшади:
Шоирлик бу ширин жондан кечмоқдир,
Лиммо-лим фидолик майин ичмоқдир.
Ўзни томчи-томчи ва зарра-зарра,
Элга қурбон қилиб энг сўнгги карра,
Армон билан демоқ: “Эй она юртим,
Кечир, хизматингни қилолмай ўтдим”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими ҳам Президентимиз қарори ижросини таъминлаш ҳамда вилоятимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқди. Ушбу дастур асосида ўқув муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари, адабий кечалар ўтказилмоқда. Нарпай туманидаги 24-, 61-, 69-умумтаълим мактабларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокида ижодий учрашув уюштирилди. Тадбирда Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди ҳақида ўқувчиларга атрофлича маълумот берилди. Ўқувчи-ёшлар шоир шеърларидан гўзал бадиий композициялар, саҳна кўринишлари намойиш қилди.