Ўзбекистонда якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади. Бу ҳақда 26 май кунги маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
2024 йилда заргарликда ишлаб чиқариш 200 млн доллардан ошган, экспорт эса 17 фоизга ўсиб, 92 млн долларга етган.
Президент мамлакатда йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинаётганига қарамай имкониятларнинг ўндан бири ҳам ишга солинмаётгани қайд этди. Шунингдек, давлат раҳбари соҳада "хуфиёна" иқтисодиёт улуши юқори эканини айтди.
"Йилига 550−600 млн долларлик буюмлар норасмий тилла бозорларида айланмоқда. Ёки мустақил изловчилар 2020 йилда 40 кг олтин топширган бўлса, ўтган йили бу 100 карра камайган", — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда соҳани "соя"дан чиқариш учун якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат бериш, заргарликда миллий бренд яратиш учун хориждан дизайнер, технолог, қимматбаҳо тошлар билан ишлайдиган геммологларни олиб келиш харажатининг бир қисмини қоплаш бўйича таклифлар билдирилди. Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллади.
Бу орқали заргарлар якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғуллана олади. Президент мутасаддиларга жойлардаги норасмий заргарлик расталарини замонавий кўринишга келтириб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш топшириғини берди.
Четдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилиши белгиланди.
Йиғилишда президент заргарликда ҳам саноат усулига ўтиб, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш вақти келганини айтди.
Бунинг учун заргарлик саноатида ишлатиладиган ускуналар ва уларни бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади. Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади.
Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.