Жорий йилнинг июнь ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар оқибатида тизимга 135,6 миллиард сўмлик зарар етказилди. Бу ҳақда “O‘ZENERGOINSPEKSIYA” хабар берди.
Қайд этилишича, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 234 та ҳолат аниқланган.
“50,6 млн кВт⋅соат электр энергияси (103 млрд сўм) ва 12,4 млн метр куб табиий газ (32,6 млрд сўм) талон-торож қилиниши натижасида жами 135 миллиард 669 миллион сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди”,— дейилди хабарда.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 471 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Қайд этиш шоизки, қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.