АҚШнинг Миграция ва божхона назорати хизмати (ICE) тасарруфидаги мигрантлар сақлаш марказларида ўлим ҳолатлари ортиб бормоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюркнинг айтишича, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мазкур марказларда 18 киши вафот этган. Июн ойида эса яна бир ўлим ҳолати қайд этилган. Таққослаш учун, 2025 йилда 33 та, 2024 йилда эса 11 та ўлим ҳолати расман қайд этилган.
Фолькер Тюрк ICE ҳибсхоналаридаги барча ўлим ҳолатлари юзасидан мустақил ва холис тергов ўтказишга чақирди. Унинг таъкидлашича, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ҳақиқатни билиш ва адолат қарор топишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозир ICE марказларида 60 мингдан ортиқ мигрант сақланмоқда. Улар орасида болали оилалар ва оғир касалликка чалинганлар ҳам бор. Қайд этилишича, айрим марказларда сақлаш шароитлари талаб даражасида эмас, тиббий хизмат ва озиқ-овқат билан таъминлашда ҳам муаммолар мавжуд.
Шунингдек, 2026 йилда қайд этилган ўлим ҳолатларининг бештаси ўз жонига қасд қилиш сифатида таснифланган. БМТ мигрантларни ҳибсга олиш фақат энг сўнгги чора бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлади.






