Қонунчиликка кўра, фирибгарлик йўли билан олинган онлайн кредитлар бўйича ундириш тартиби белгиланган. Бу ҳақда lex.uz қонунчилик маълумотлари базасида маълум қилинган.
Унга кўра, масофадан туриб онлайн кредит расмийлаштириш жараёнида фрод ҳолати юзага келиб, фуқаро номига кредит олинган тақдирда, у ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади.
Шундан сўнг ички ишлар органлари ҳолат юзасидан терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширади.
Текширув натижасида кредит фирибгарлик орқали расмийлаштирилгани аниқланиб, фуқаро жабрланувчи деб топилса, бу ҳақдаги қарор ёки суд ажрими кредит ташкилотига юборилади.
Шундан келиб чиқиб, кредит ташкилоти ушбу қарз бўйича фоизлар, жарималар ва неустойкалар ҳисоблашни тўхтатади ҳамда асосий қарзни жабрланувчидан ундирмайди.
Агар мазкур кредит бўйича фуқародан аввал маблағ ундирилган бўлса, суд қарори асосида ушбу маблағ 15 кун ичида жабрланувчининг банк картаси ёки кўрсатилган ҳисобварағига қайтариб берилади.






