Эроннинг ҳалок бўлган олий раҳбари Али Хоманаий бугун, 10 июль куни туғилган шаҳри Машҳаддаги Имом Ризо мақбарасига дафн этилди. Шу тариқа бир неча кун давом этган мотам маросимлари якунланди.
Маълум қилинишича, сўнгги лаҳзаларда Хоманаий билан хайрлашиш учун келганлар сони кескин ошгани боис, маросим ташкилотчилари дафн йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган. Натижада тобут ортилган мотам карвони мақбарагача етиб бормаган ва жасад вертолётда олиб келинган.
Имом Ризо мақбараси ҳудудида Али Хоманаий ҳамда у билан бирга ҳалок бўлган оила аъзолари учун юз минглаб зиёратчилар иштирокида жаноза намози ўқилди. Шундан сўнг тор доирада дафн маросими ўтказилди. Маросимнинг мазкур қисмига оммавий ахборот воситалари вакиллари киритилмади.
Хоманаий билан хайрлашув маросимлари 3 июль куни Теҳронда бошланган эди. Кейинги кунларда унинг жасади Қум шаҳрига, сўнг Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларига олиб борилиб, мотам тадбирлари ўтказилди. Дафн маросими эса унинг туғилган шаҳри Машҳаддаги Имом Ризо мақбарасида якунланди.






