“Hindustan Times”нинг ёзишича, ҳалок бўлганлар орасида камида 16 киши Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳри аҳолиси бўлган. Автобус бутунлай ёниб кетгани сабабли расмийлар марҳумларнинг шахсини аниқлаш жараёнини давом эттирмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа маҳаллий вақт билан соат 1:30 да, Мадинадан тахминан 160 км узоқликда жойлашган Муфриҳат шаҳри ҳудудида содир бўлган. Автобусда 43 йўловчи бўлгани, фақат битта киши тирик қолгани билдирилган.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар воқеадан қаттиқ афсус билдирди. Унинг таъкидича, Риёддаги элчихона ва Жиддадаги консулхона жабрланувчилар ва уларнинг оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатмоқда.
Жиддадаги Ҳиндистон элчихонаси ҳалокат қурбонлари оилалари учун ишонч телефонини эълон қилди. Ҳайдаробод депутати Асадуддин Овайси эса саросимага тушган оилаларга ёрдам сифатида қурбонларнинг шахсини тезроқ аниқлаш ва жасадларни Ҳиндистонга қайтаришни сўраб марказий ҳукуматга мурожаат қилган.






