Москва — Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги мамлакатдаги ягона авиацион крейсер — “Адмирал Кузнетсов”ни таъмирдан чиқариш ишларини тўхтатиб, уни бутунлай хизматдан чиқариш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Известия” нашри маълум қилди.
Қайд этилишича, 1985 йилда сувга туширилган мазкур крейсер 2017 йилдан бери модернизация қилинаётган эди. Аммо сўнгги йилларда юз берган техник муаммолар, хусусан, Россиядаги энг йирик сузувчи докнинг чўкиши ҳамда кеманинг ўзида содир бўлган ёнғин натижасида таъмирлаш ишлари сезиларли даражада мураккаблашди.
Россия Тинч океани флоти собиқ қўмондони, адмирал Сергей Авакянтс ушбу турдаги кема технологияси ўз долзарблигини йўқотганини билдирар экан, шундай дейди:
“Бу жуда қиммат ва самарасиз денгиз қуролидир. Келажак — роботлаштирилган комплекслар ва учувчисиз авиация тизимларига тегишлидир.”
Мазкур фикрга Стратегик режалаштириш тадқиқот маркази эксперти Илъя Крамник ҳам қўшилди. Унга кўра, Россия ҳарбий-денгиз салоҳиятини мустаҳкамлаш учун “янги авлод палубали қирувчи самолётларга асосланган кемалар” қурилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
“Адмирал Кузнетсов” бугунги кунга қадар Россия Ҳарбий-денгиз флотининг ягона авиацион крейсери бўлиб, мамлакат ҳарбий-денгиз доктринасида алоҳида ўрин тутган. Уни хизматдан чиқариш Россиянинг узоқ масофали денгиз амалиётларидаги имкониятларини қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин.