АсосийЖамият

Тавбасига таянмаган "фирибгар" яна пора билан қўлга тушди

Республиканинг икки вилоятида фуқароларни ишончига кириб пул ундирмоқчи бўлган шахслар ушланди.

'Тавбасига таянмаган "фирибгар" яна пора билан қўлга тушди'ning rasmi

ДХХга ишга киритишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармасдан, қайта жиноятга қўл урган

У ўзини ДХХ ходими дея таништириб, маҳаллий фуқарони давлат хавфсизлик органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, турли баҳоналар билан алдаб жами 30 минг АҚШ доллари ва 510 млн. сўм пул маблағларини олган. Бундан ташқари ушбу фуқаронинг қариндошини Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, ҳозирга қадар 4 минг АҚШ доллари олган.

Жиноятчи сўралган 10 минг АҚШ доллари ҳисобидан яна 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи шахс фуқарони Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 7 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 68-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди ҳамда Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар