Европада кузатилаётган аномал иссиқ тўлқини Францияда қатор фожиали оқибатларга сабаб бўлди. Мамлакатда 18 июндан буён 40 киши сувда чўкиб ҳалок бўлган. Бу ҳақда Франция ҳукумати маълум қилди.
Франция Мудофаа вазири ва фавқулодда вазиятлар бўйича мувофиқлаштирувчи Себастьян Лекорнюнинг айтишича, қурбонларнинг аксарияти рухсат этилмаган ва назорат қилинмайдиган сув ҳавзаларида чўмилган.
Мамлакатнинг катта қисмида юқори ҳарорат хавфи эълон қилинган. Синоптиклар маълумотига кўра, 23 июнь куни айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилган бўлса, ғарбий минтақаларда 43 даражагача етиши кутилмоқда.
Жазирама туфайли аҳоли канал ва дарёларда чўмилиш орқали салқинлашишга ҳаракат қилмоқда. Франция Спорт вазири Марина Феррари фуқароларнинг иссиқдан қочиш истагини тушунишини билдирган бўлса-да, хавфли ва рухсат этилмаган жойларда сувга тушмасликка чақирди.
Иссиқ тўлқини мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Париж ва Брюссель ўртасидаги айрим темирйўл қатновлари бекор қилинган, шаҳарларда вентиляторларга талаб кескин ошган. Кўп қаватли уйлардаги аҳоли эса юқори ҳарорат сабабли тунги дам олишда қийинчиликка дуч келмоқда.
Франциянинг MEDEF иш берувчилар уюшмаси раҳбари Патрик Мартеннинг таъкидлашича, корхоналар ходимларни иссиқ таъсиридан ҳимоя қилиш учун махсус чоралар кўрмоқда.
Жазирама Европанинг бошқа давлатларига ҳам таъсир қилмоқда. Италияда 15 та шаҳар учун энг юқори даражадаги хавф эълон қилинган. Буюк Британияда ҳаво ҳарорати 37 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Испаниянинг айрим ҳудудларида эса ҳарорат 44 даражагача етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.
Мутахассислар мазкур иссиқ тўлқинини “Омега блоки” деб аташмоқда. Бу атмосферадаги ҳаво оқимлари юнон алифбосидаги Ω ҳарфига ўхшаш шакл ҳосил қилиши билан боғлиқ бўлиб, иссиқ ҳавонинг маълум ҳудуд устида узоқ вақт сақланиб қолишига сабаб бўлади.






