“Тhe New York Times” ёзишича, Афғонистонда юз берган зилзила оқибатида вайроналар остида қолган ёки жароҳат олган кўплаб аёлларга ёрдам берилмаган.
Бунга сабаб сифатида “Толибон” қатъий риоя қиладиган маданий қоидалар — аёллар ва бегоналар ўртасидаги жисмоний алоқанинг тақиқланиши кўрсатилди.
Гувоҳларнинг айтишича, қутқарувчилар эркаклар ва болаларга ёрдам кўрсатган, бироқ аёлларни чиқармаган. Натижада, жароҳатланган ёки қон йўқотаётган айрим аёллар бошқа қишлоқлардан аёллар етиб келишини кутишга мажбур бўлган ва ҳаётдан кўз юмган.
“Толибон” бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Шараффат Заман ҳам аёл тиббиёт ходимлари етишмаслигини тан олган, аммо Кунар, Нангарҳор ва Лагман вилоятларида аёл шифокор ва ҳамширалар ёрдам кўрсатаётганини маълум қилган.
Маълумот учун, 1-сентабрга ўтар кечаси Афғонистонда 6,0 магнитудали зилзила қайд этилди. Кейинроқ 5,2 ва 4,7 магнитудали такрорий силкинишлар ҳам юз берди. Ҳодиса оқибатида 2,2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 3,6 мингдан зиёди жароҳат олган.