Бугун, 2026 йилги жаҳон чемпионати “F” гуруҳидан ўрин олган Тунис ва Япония терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Унда Япония терма жамоаси 4:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Ҳисоб учрашувнинг 6-дақиқасида ярим ҳимоячи Дайти Камада томонидан очилди. 31-дақиқада ҳужумчи Аясэ Уэда японияликларнинг устунлигини икки бараварга оширди.
Иккинчи бўлимда ҳам осиёликлар ташаббусни қўлдан бермади. 69-дақиқада Жунъя Ито учинчи голни киритган бўлса, 83-дақиқада Аясэ Уэда ўз дублини расмийлаштириб, учрашувга якуний нуқта қўйди.
Шу тариқа, Япония Тунисни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, муҳим уч очкога эга чиқди.
Маълумот учун, “F” гуруҳининг 1-турида Тунис Швецияга 1:5 ҳисобида имкониятни бой берган, Япония эса Нидерландия билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган эди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи учрашувлари 11 июньдан 27 июнга қадар давом этади.
Регламентга кўра, ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўрин соҳиблари ҳамда учинчи ўриндаги энг яхши саккизта жамоа плей-офф босқичига йўл олади.






