19 июнь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудидан ўтувчи “Бўзсув” каналида сув оқимига тушиб кетган эркак Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан қутқариб қолинди.
Вазирлик маълумотига кўра, соат 13:00 атрофида “Шарқ” маҳалласи ҳудудида профилактик назорат олиб бораётган қутқарувчилар канал бўйлаб оқиб кетаётган, ҳаракатсиз ҳолатдаги фуқарони пайқаб қолган.
Шундан сўнг қутқарувчилар зудлик билан сувга тушиб, уни қирғоққа олиб чиққан. Ҳушсиз ҳолатда бўлган эркакка воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Ҳозирги маълумотларга кўра, фуқаронинг аҳволи яхшиланган.
Аниқланишича, у эҳтиётсизлик оқибатида каналга тушиб кетган. Сузишни билмагани сабабли кучли сув оқими уни тезда оқизиб кетган. Ҳолат юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.






